Коррупцияга қўл урган шахслар қайта давлат хизматига қабул қилинмаслиги тўғрисида ҳам янги норма киритилмоқда
Ўзбекистонда амалдорларнинг пора бериш ва пора олиш жинояти камайиб, бюджет пулларини талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби коррупциянинг янги турлари кўпайган. Бу ҳақда 17 октябрь куни ўтказилган IV Тошкент аксилкоррупция форумидан сўнг журналистларга интервью берган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов таъкидлаб ўтди.
Унинг қайд этишича, статистикага кўра, 2019 йилга қадар пора бериш ва пора олиш аксарият жиноятларни ташкил қилган. «Бугунги кунга келиб эса мансабдор шахслар томонидан пора бериш ва олиш жиноятлари кескин камайган, бу 10 фоиз ҳам чиқмайди. Лекин афсуски, коррупциянинг янги турлари — давлат бюджети маблағларини талон-торож қилиш, фирибгарлик, яъни мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби жиноятлар, аксинча, кўпайган. Айнан порахўрлик жиноятларининг камайгани давлат хизматларининг рақамлаштирилгани билан боғлиқ, ҳозирда фуқаролар онлайн, яъни инсон омилисиз 400 дан ортиқ давлат хизматларидан фойдаланмоқда», — деди агентлик директори.
«Коррупцион жиноятлар статистикасини кўрадиган бўлсак, 2022 йилда 6 мингдан ортиқ ҳолат содир этилган. 2023 йилда бу жиноятлар 12 фоизга камайган. 10 йил олдин ҳам, 5 йил ё 3 йил аввал ҳам мансабдор шахслар коррупцион жиноятга қўл уришган ҳамда уларга нисбатан белгиланган тартибда жазо муқаррарлиги таъминланган. Аммо олдинлари юқори даражадаги мансабдорларнинг коррупцияга қўл ургани кўпинча жамоатчиликка эълон қилинмас эди. Бугун ҳар бир коррупцион жиноят у ким бўлишидан ёки мансабдор шахснинг даражасидан қатъий назар оммага ошкор қилиняпти», — дея қўшимча қилди у.
Унинг айтишича, 2024 йил июнь ойида президент томонидан имзоланган «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши ҳам мансабдор шахслар орасида непотизм, таниш-билишчилик, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйишнинг олдини олишга қаратилган жуда катта чора ҳисобланади. «Бу қонун кучга кирганидан кейин амалиётга жорий этилса, юқори даражали давлат хизматчилари орасида коррупция кескин камаяди», — деди Акмал Бурханов.
Антикоррупция агентлиги директори Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш мақсадида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини таъкидлади.
«Мансабдор шахслар томонидан содир этилаётган коррупцион жиноятлар кўламини камайтириш муҳим ҳисобланади. Биз бу бўйича доимий равишда тадқиқотлар ўтказамиз ва бундан келиб чиққан ҳолда, таклифлар ишлаб чиқамиз. Хусусан, коррупция жинояти учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ва жавобгарликни оғирлаштирувчи нормаларни ишлаб чиқиб, уларни қонун лойиҳасига киритдик. Жумладан, коррупцияга қўл урган шахсларга енгиллаштирувчи чораларнинг қўлланилмаслиги таклифи ҳам бор. Масалан, пора олиш жинояти учун 10 йил қамоқ жазоси берилса, жиноятчи шу жазони 10 йил тўлиқ ўташи белгиланмоқда. Шунингдек, коррупцияга қўл урган шахслар қайта давлат хизматига қабул қилинмаслиги тўғрисида ҳам янги норма киритилмоқда», — деди у.