Аввалроқ, Аграр университет ётоқхонаси қурилиши айнан шу сабаб тўхтатилганди.
Самарқанд давлат чет тиллар институти ётоқхонаси қурилиши сифатсиз ишлар сабаб тўхтатилди
Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳудудидаги 400 ўринли ётоқхона қурилиши сифатсиз ишлар ва қоидабузарликлар сабаб тўхтатилди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси хабар берди.
Мазкур бино ДХШ асосида Самарқанд давлат чет тиллар институти буюртмачилигида қурилмоқда. Қурилиш вазирлигининг қурилиш назорат инспекцияси ходимлари рейд тадбирлари ўтказганда ётоқхона қурилишида ишлар сифатсизлиги билан бирга объект қурилиши инспекция рўйхатидан ўтмаган ҳолда ўзбошимчалик билан олиб борилганини аниқлаган.
Рейд тадбирида маълум бўлишича, деворларга терилган ғиштларнинг вертикал чоклари қоришма билан тўлиқ тўлдирилмаган, монолит майдононининг карказ хомутлари лойиҳа бўйича бажарилмасдан, масофа 60 см оралиғида қилинган. Темир бетон арматураларининг ҳимоя қатлами мавжуд эмас. Ригель ва сердечникларда фиксатель қўйилмагани натижасида карказлар бетондан чиқиб қолган.
Колонна ва ригеллар ўз ўқида бажарилмаган. Бундан ташқари, объектда сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланилган. Қуйма бетон зиналарда майда ёриқлар бўлишига қарамай, монтаж ишлари бажарилган. Техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинмаяпти, дейилади хабарда.
Шунингдек, қурилиш майдони белгиланган тартибда ўралмагани, объект қурилиш чиқиндиларидан тозаланмаганлиги аниқланган.
Қоидабузарликларни бартараф қилиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди. Юқоридаги ҳолатлар юзасидан инспекция ходимлари масъулларга огоҳлантириш хатларини берди. Ҳозирда объектда қурилиш ишлари тўхтатилган.