Келгуси олти йилда Ўзбекистонда “яшил” электр станциялар қувватини 20 гигаваттдан ошириш мақсад қилинган. Ушбу муддат ичида мамлакатда 50 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятини яратиш режалаштирилган. Бунинг натижасида йилига 15 млрд куб метрга яқин табиий газ тежалишига эришилади.
Бу ҳақда Тошкент шаҳрида ўтаётган Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталигида Энергетика вазирлиги масъуллари маълум қилди.
Анжуманда қатнашган Ацва Повер компанияси вакили Ўзбекистонни соҳадаги ҳаб сифатида кўришини ва ушбу мамлакат орқали қўшни давлатга чиқиш имконияти мавжудлигини айтган.
Ўзбекистонда Марказий Осиёдаги энг йирик шамол энергетикаси лойиҳасини ривожлантириш бўйича фаолият олиб бораётган “Масдар” компанияси вакили эса ишлаб чиқарилаётган энергия қувватларини ошириш учун 2030 йилгача мўлжалланган мақсадлар аниқ белгилангани инвесторлар ишончини ошираётганини айтди.
Энергетика вазирлигининг билдиришича, ўтган 6 йилда Ўзбекистонда иссиқлик, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича хорижий инвесторлар билан умумий қиймати 29 млрд 234 млн долларга тенг бўлган 50 та битим имзоланган. Бу орқали инвесторлар томонидан 50 та замонавий электр станция қурилиши кўзда тутилган.
Таъкидланишича, ҳозирда 7 та вилоятда умумий қуввати 2,7 ГВт бўлган 9 та қуёш ва 1 та шамол электр станцияси “яшил” энергия ишлаб чиқарилмоқда. 2030 йилгача 120 минг километр узунликдаги электр узатиш тармоқлари, 105 та подстанция ҳамда 35 мингдан ортиқ трансформаторлар қурилиши ва янгиланиши режалаштирилган.