Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари 2024 йилнинг июль-сентябрь ойларида автомобиль нархлари таҳлил қилди. Унга кўра, 2024 йилнинг август ойида автомобиль нархлари июль ойига нисбатан ошган бўлса-да, сентябрь ойида нархларда пасайиш кузатилди.
2024 йилнинг сентябрь ойида ўртача ва кўп фойдаланилган оммабоп автомобиллар нархлари сезиларли даражада пасайган бўлса, кам фойдаланилган автомобиль нархларида сезиларли ўзгариш кузатилмади.
Хусусан, август ойида кам фойдаланилган Lacetti автомобилининг иккиламчи бозордаги нархи 4,5 фоизга, ўртача фойдаланилгани 6,0 фоизга ва кўп фойдаланилгани 5,4 фоизга ошди. Сентябрь ойида эса ўртача ва кўп фойдаланилган Lacetti нархлари август ойига нисбатан мос равишда 2,1 ва 2,8 фоизга ҳамда кам фойдаланилган Lacetti нархлари 0,8 фоизга пасайди.
Август ойида кам фойдаланилган Malibu учун таклиф этилган ўртача нарх июль ойига нисбатан 2,8 фоизга, ўртача фойдаланилганлари учун 3,8 фоизга, кўп фойдаланилганлари учун 2,0 фоизга ошган бўлса, сентябрь ойида кам фойдаланилган Malibu учун таклиф этилган ўртача нарх август ойига нисбатан 2,8 фоизга, ўртача фойдаланилганлар учун 1,5 фоизга, кўп фойдаланилганлар учун 0,4 фоизга пасайди.
Random Forest модели: автомобиль нархларига таъсир этувчи омиллар. Оқ рангли Lacetti ва Cobalt’нинг босиб ўтган масофаси уларнинг нархларига юқори даражада таъсир этган бўлса, Damas’нинг ишлаб чиқарилган йили нархни белгилашда асосий омил бўлди. Шунингдек, Lacetti нархига унинг қора рангли эканлиги энг кўп таъсир этиши аниқланди.
Маълум қилинишича, автомобиль нархларини таҳлил қилишда маълумотлар olx.uz платформасидан веб скрепинг (web scraping) орқали тўпланди. Бунда 2020—2024 йилларда ишлаб чиқарилган автомобиллар учун таклиф этилаётган нархлар саралаб олингандан сўнг, 30,5 мингта маълумотлар асосида таклиф этилаётган нархлар таҳлил қилинди. Шунингдек, автомобиль нархларига таъсир этувчи омиллар Random Forest модели ёрдамида аниқланди.
Аввалроқ аудит, солиқ, юридик ва маслаҳат хизматларини кўрсатувчи дунёдаги фирмалар тармоқларидан бири бўлган KPMG тадқиқоти натижалари эълон қилинганди. Унга кўра, Ўзбекистонда ҳар мингта аҳолига тўғри келадиган автомобиллар сони қўшни давлатларга қараганда анча паст.