Ўзбекистонда нақд пул айланмаси 16% га ошиб, 9 ойда муомалага қўшимча 8 трлн сўм чиқарилди

Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида Ўзбекистонда нақд пул айланмаси ўсиши кузатилган. Бу ўсиш нақд пул миқдорининг ошиши фонида банкларга пул тушумлари манбаларида ва берилган маблағларнинг тақсимланишида сезиларли таркибий ўзгаришларсиз содир бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки хабар берди.

Нақд пул айланмаси йил бошига нисбатан 16% га ошди, бу эса аҳоли даромади ва харидларнинг ортиши билан боғлиқ. 2024-йилнинг январ-сентябр ойларида умумий пул тушумлари, жумладан, нақд пул ва терминаллар орқали амалга оширилган операциялар, 605 триллион сўмни ташкил этди, бу 2023-йилнинг шу даврига нисбатан 27% кўп.

2024-йилнинг январ-сентябр ойларида банклар орқали ўтган нақд пул айланмаси 727 триллион сўмни ташкил этди, шундан банкларга тушган нақд пул 360 триллион сўм, банк кассалари орқали чиқарилган нақд пул 367 триллион сўм бўлди. Бу 2023-йилнинг шу даврига нисбатан 23% кўпроқ.

Банкларга тушган нақд пул 2023-йилга нисбатан 66 триллион сўмга (23%) ошди. Хусусан, банк хизматларидан тушган даромадлар 23 триллион сўмга, савдо соҳасидан 19 триллион сўмга ва пуллик хизматлардан тушумлар 13 триллион сўмга ошган. 

Банк кассалари (жумладан, банкоматлар) орқали нақд пул сарфи ҳам 2023-йилнинг шу даврига нисбатан 68 триллион сўмга (23%) ошди. Бу банк карталаридан нақд пул ечиш ҳажмининг 30 триллион сўмга ошиши ва чет эл валютасини нақд сотиб олиш операцияларининг 21 триллион сўмга ошиши билан боғлиқ.

2024-йилнинг тўққиз ойи давомида банк карталарига 740 триллион сўм тушган бўлиб, бу 2023-йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 марта кўпроқ. Ушбу даврда банк карталаридан 167 триллион сўм нақд пул ечилган.

Ёзги мавсумда нақд пулга бўлган қўшимча талабни қондириш учун Марказий банк қўшимча 8 триллион сўм нақд пул чиқариш қарорини қабул қилганди. 2024-йилнинг 1-октабр ҳолатига кўра, нақд пулнинг пул массасидаги улуши 20,7% ни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,2 фоиз пунктга пастроқдир.