Сенат омбудсман тўғрисидаги янги таҳрирдаги қонунни маъқуллади. Энди омбудсман лавозимига қўйилган олий маълумот ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида тажрибага эга бўлиш талаби бекор қилинмоқда.
Сенатнинг эллик тўққизинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 17 сентябрь куни қабул қилинган.
Қонун билан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили президентга, Олий Мажлис палаталарига ва Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар тақдим этиши белгиланмоқда.
Шунингдек, омбудсман ва унинг ўринбосари ваколатлари, дахлсизлигининг қўшимча кафолатлари ҳам жорий этилиб, уларга юклатилган вазифаларнинг муаммосиз ва самарали бажарилиши қонунда мустаҳкамланмоқда.
Шу билан бирга, омбудсман лавозимига номзодга қўйиладиган талаблар соддалаштирилиб, айрим (юксак ахлоқий сифатларга, олий маълумотга, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида зарур тажрибага эга бўлиш) талаблар бекор қилинмоқда. Бунда ушбу мезонларни амалиётда аниқлаш турли тушунмовчиликка олиб келиши инобатга олинган.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланиб, президентга юборилди.