Темир йўл, ҳаво транспорти ва автобус қатновлари ҳақида маълумот ва чипта олиш имконини берадиган ягона онлайн платформа ишлаб чиқилади. Бу бўйича Транспорт вазирлиги 21-октябрь куни буйруқ чиқарди.
Унга кўра, “Рақамли транспорт” маркази давлат муассасасидан “Э-тиcкет” ягона мультимодал платформасининг техник топшириғи лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Транспорт вазирлигига киритиш сўралган.
Шунингдек, жорий йилнинг 1-декабридан “Узтранс” ахборот тизимида транспортнинг барча турлари учун чипта қидириш имкониятига эга модул фаолияти тўхтатилади.
“Узбекистан Airways” АЖ, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ 2024-йил 22-октябрь кунигача платформани ишлаб чиқиш давомида интеграция ишларини амалга ошириш учун ўз ахборот тизимларидан онлайн чипта сотишни назарда тутувчи “АПИ” маълумотларини тақдим этади.
Янги платформа 20-ноябрь санасига қадар тажриба–синов тариқасида ишлаб чиқилади ва ишга туширилади.