1 ноябрдан бошлаб, табиий газ учун ўрнатилган ижтимоий норма миқдори оширилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.
Қарорга кўра, маиший истеъмолчилар (аҳоли хонадонлари) учун табиий газ бўйича ижтимоий (базавий) меъёр март–октябр ойларида ойига 100 кубометргача, ноябр–феврал ойларида ойига 500 кубометргача деб белгиланган.
Географик ва иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида иситиш мавсуми республиканинг бошқа ҳудудларидан фарқли равишда октябр–феврал ойлари деб белгиланди.
Иситиш мавсумида аҳолига етказиб бериладиган 1 куб метр табиий газ нархи қуйидагича:
500 куб метргача истеъмол учун 650 сўмдан;
501 дан 2500 куб метргача 1500 сўмдан;
2 501 дан 5 000 куб метргача 1950 сўмдан;
5 001 дан 10 000 куб метргача 2275 сўмдан;
10 минг куб метрдан юқори истеъмол учун 2 600 сўмдан ҳисоб-китоб қилинади.
Бунда истеъмолчилар ўзларининг кунлик истеъмолини мониторинг қилиб бориш муҳим. Чунки белгиланган ижтимоий нормадан кўп ишлатилган ҳар куб метр газ учун нархлар 2 баробардан кўпроққа, 650 сўмдан 1500 сўмгача ва ундан ортиқроққа қимматлашади.