Комил Алламжоновнинг машинасига қарата ўқ узганлардан бири гумонланувчи тариқасида ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.
Ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 25, 97 (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ҳамда 248 (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддалари билан жиноят иши қўзғатилганди.
Шунингдек, Бош прокуратура, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри, Ҳарбий, Транспорт прокуратуралари ҳамда ИИВ, вилоят, Тошкент шаҳри ИИББ, Божхона қўмитаси ходимларидан иборат таркибда тергов-тезкор гуруҳи тузилган.
Қидирув давомида жиноятни содир этган шахсларнинг бири аниқланиб, гумонланувчи тариқасида ушланди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.