Урбанизация даражасининг жадаллашуви, техника ва саноатнинг юқори тезликда тараққийлашиб бориши бугун инсоният учун қулай ҳаёт эшикларини очиши билан бир баробарда, уларнинг ҳаёти ва турмуш тарзига ҳам бирдек зиён етказиб келмоқда. Саноат ва ўсиб бораётган аҳоли эҳтиёжлари фонида маиший чиқиндиларнинг тобора каттароқ муаммога айланиб бораётгани янги мавзу мавзу эмас, тўғри, бироқ кўз юмиб ҳам кетадиган енгил бош оғриғи ҳам эмас.
Чиқинди инсонни рак қиладими?
Чиқиндиларнинг ҳажми тоғдек уюлиб, кўпайиши атроф муҳит эстетикасини бузиши билан бир баробарда экология ва инсон саломатлиги учун ҳам бир қатор муаммоларни териб қўяди. Булардан биринчиси — ҳаво ифлосланиши.
Одатда, маиший ва саноат чиқиндиларнинг катта қисми чириш жараёнига қўйилади ёки буткул ёқиб юборилади. айнан мана шу жараёнда чиқиндилардан атмосферага турли зарарли, кимёвий моддалар ажралиб чиқади. Масалан, пластик ёқилиши оқибатида диоксинлар, углерод оксиди ва бошқа хавфли моддалар ҳавони ифлослантиради. Бу моддалар нафас олиш йўлларига салбий таъсир кўрсатиб, инсон саломатлиги ва биосфера учун жиддий хавф туғдиради. Айнан мана шу сабаб ҳам, бугун кўпчилик инсонлар нафас йўллари, бронхит ва ўпка касаллари билан оғриб, азият чекади.
Чиқиндининг табиатга келтирадиган сабабларидан иккинчиси, сувнинг ифлосланишидир. Чиқиндиларнинг нотўғри сақланиши ёки утилизация қилиниши орқали улар ерости сувлари ва дарёларга кириб қолади. Бу эса сув манбаларига зарар етказиб, ичимлик сувини ўта жиддий ва ёқимсиз тарзда ифлослантиради. Чиқиндилардаги кимёвий моддаларнинг сув экотизимидаги флора ва фаунага салбий таъсир кўрсатиши ортидан табиатдаги биохилма-хиллик хавф остида қолади.
Чиқиндиларнинг учинчи тажовузи — ер ифлосланиши. Чиқиндиларни қайта ишлаш йўлга қўйилмаган аксар мамлакатларда ахлатлар полигонларда тупроққа кўмилади. Табиийки, кўмилган чиқиндилар тупроқ сифатига катта салбий таъсир ўтказади. Масалан,узоқ муддат чиримайдиган пластик ва металл чиқиндилар ер унумдорлигини пасайишига асосий омилдир. Кимёвий чиқиндилар таркибидаги моддалар тупроқ таркибини ёмонлаштириб, ўсимликлар ўсишига салбий таъсир кўрсатади. Шу билан бир қаторда денгизга ташланган пластик чиқиндилар балиқларга «озуқа» бўлиши ортидан денгиз ҳайвонларининг, қуруқ ерларда эса, судралувчи ҳайвонларнинг кушандасидир.
Тўртинчи хавф — иссиқхона газлари эмиссиясининг кўпайиши ва саратон. Чиқиндилар чириши ва ёқилиши жараёнида метан, углерод диоксиди каби иссиқхона газлари ажралиб чиқади. Бу газлар иқлим ўзгаришини кучайтиришга хизмат қилиб, глобал исиш жараёни тезлашади максимал даражада тезлаштириб юборади. Шунингдек, чиқиндилардаги токсик моддалар инсон саломатлиги учун ҳам катта хавф туғдиради. Пластик ва кимёвий моддалардаги фталатлар, бисфеноллар каби зарарли кимёвий моддалар одам организмига кириши, бундай моддалар организмда тўпланиб, саратон, аллергия, эндокрин тизими касалликлари каби муаммоларга олиб келиши мумкин.
Ривожланган мамлакатлар тажрибаси нима дейди?
Чиқиндиларнинг нотўғри утилизация қилиниши ва ёйилиши ҳаво, сув ва тупроқни ифлослантириб, табиатга, ҳайвонот дунёси ва инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатишини айтиб ўтдик. Бу муаммоларни ҳал қилиш учун чиқиндиларни қайта ишлаш, саралаш ва камайтириш каби чораларни кўриш зарур. Хўш, бу борада дунё тажрибаси қандай?
Япония
Япония чиқиндиларни қайта ишлашда дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Чунки японлар бу масала ечими учун бутун бошли жамиятни «сафарбар» қилади. Бу ерда турли тоифалардаги чиқиндилар 45 тоифага бўлинади ва ҳар бир чиқинди алоҳида қайта ишлаш қоидаларига мувофиқ келтирилади. Фуқаролар чиқиндиларни ажратишда фаол иштирок этадилар ва ҳатто мактаб дастурларига чиқиндиларни саралаш ҳақида таълим дастурлари ҳам киритилган. Япониянинг Камикатсу шаҳри «Зеро васт» стратегияси билан чиқиндиларни тўлиқ қайта ишлаш ва камайтириш йўналишида ишламоқда. Бу тажриба чиқиндиларни камайтиришда давлат ва жамиятнинг уйғунликда ишлашининг қанчалик аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади
Германия
Германия чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича Европада етакчи ўринни эгаллайди. Мамлакатда чиқиндиларни саралаш тизими жуда ривожланган бўлиб, одамлар чиқиндиларни турларига кўра ажратиб, белгилаб қўйилган контейнерларга ташлайдилар. Бу тизим давлат томонидан назорат қилиниб, фуқароларнинг масъулияти оширишга тарғиб қилади. Германияда қайта ишланган материаллардан қайтадан маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми юқори, бу эса иқлим ўзгаришига қарши курашда муҳим қадамдир. Шу билан бирга, чиқиндиларни қайта ишлаш орқали саноат фаолиятида қўлланадиган хомашё сарфини камайтиришга эришилмоқда.
Швеция
Швеция чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида эътиборга молик тажрибага эга мамлакатлардан биридир. Давлатда чиқиндиларни қайта ишлаш орқали энергия ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Шведларнинг энг юқори натижаси шундаки, мамлакатда чиқиндиларнинг 99% қайта ишланади ёки энергия манбаига айлантирилади. Шунингдек, мамлакатда кўплаб чиқиндилардан энергия ишлаб чиқариш заводлари фаолият юритади ва ҳатто бошқа мамлакатлардан чиқинди импорт қилиб, ундан энергия олишади.
Жанубий Корея
Жанубий Корея чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида замонавий технологиялардан фойдаланади ва аҳолининг экологик онгини оширишда актуал тарғиботларни йўлга қўяди. Масалан, чиқиндиларни саралашда ахборот технологиялари ва рақамли қўлланмалар қўлланади, фуқаролар чиқиндиларни тўғри ажратиш учун турли дастурлардан фойдаланишлари мумкин. Чиқиндиларни камайтириш учун махсус солиқлар ва рағбатлантирувчи тизимлар жорий этилган. Бу чиқиндиларни қайта ишлаш жараёнини тез ва самарали қилишга ёрдам беради. Технологиялар билан онгли ёндашувнинг уйғунлиги орқали юқори натижаларга эришиш мумкинлигини айнан Жанубий Корея мисолида кўриш мумкин.
Чиқиндиларни қайта ишлаш муаммосини ҳал қилиш учун фақат технологик ёки иқтисодий ечимлар эмас, балки жамиятнинг умумий онги ва давлат сиёсатининг ҳам биргаликдаги ҳаракати бирдек зарурдир. Япония, Германия, Швеция, ва Жанубий Корея каби мамлакатлар қайта ишлашда юқори самарага эришган. Ушбу тажрибалар бизда ҳам чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш тизимини ривожлантиришга намуна бўлса арзийди.