“Ёш экспортчилар” лойиҳаси бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида

ҲИСОБОТ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 1 апрелдаги ПҚ-146-сон қарорининг 5-бандида тегишли вазирлик ва идораларга бир ой муддатда хорижий тилларни ўзлаштирган ёшларни экспорт амалиёти бўйича қисқа муддатли курсларда бепул ўқитиш, экспортчи корхоналарга бириктириш тартибини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш топшириғи берилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 28 июндаги 31-сон йиғилиш баёнининг 5-бандида Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан хорижий тилларни ўзлаштирган ёшларни келгусида мева-сабзавот экспорти жараёнига кенг жалб этиш, экспорт амалиёти бўйича қисқа муддатли ўқув курсларида ўқитиш чораларини кўриш вазифаси юклатилган.

Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон ёш фермерлар Кенгаши, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси томонидан “Ёш экспортчилар” лойиҳасига старт берилди.

Дастлабки 600 нафар хорижий тилларни ўзлаштирган ёшлар рўйхати шакллантирилиб, биринчи босқичда 65 нафари саралаб олинди ҳамда 57 нафари муваффақиятли ўқишни тамомлади. Ўқув семинари Тошкент вилояти Бостонлиқ туманида жойлашган “Ёшлар оромгоҳи”да бир ҳафта давом этди.

Ўқув машғулотлари 1 кунда икки маротаба ўтказилди. Ўзбекистонлик экспортчилар, Божхона брокерлар уюшмаси Раиси ўринбосари Энвер Халилов,  «Бизнес менежмент бошқаруви» халқаро тоифадаги мутахассис Козим Тўраев, «РЕД PACK» МЧЖ асосчиси ва бош директори Роман Саломатов, «ФЕРГАНА EXIM АГРО» ташкилоти таъсисчиси Ёрқин Иномов, Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси раиси ўринбосари Ҳусниддин Исмоилов,  Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси раиси маслаҳатчиси, депутат ва блогер Бобур Расулов,  Ҳиндистонлик мутахассис AMC Overseas FZE (БАА) директори Сувра Чакраборти, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Гуанчжоу шаҳридаги Бош консулхонасининг биринчи котиби Бахтиёр Мирзаев ва  «СустНЕТ» компаниясининг Ўзбекистондаги минтақавий вакили Нодира Бегим Мухамадалиэва маҳорат дарсларини ўтиб беришди.

Шундан сўнг, ушбу лойиҳани вилоятлар кесимида ўтказиш режалаштирилди. Лойиҳанинг мақсад ва вазифаларини аниқ кўрсатилган реклама роликлар ОАВларда ва ижтимоий тармоқларда ёритилди. Telegram мессенжери орқали иштирок этувчилар ўртасида сўров шаклида ариза тўлдирилди. Илк ўқув семинари жорий йил 17 август куни Тошкент вилояти Тошкент тумани Маданият саройида Гавҳар Ҳожиакбарова томонидан ўтказилди.

Республика бўйлаб семинар ва ўқув дастурлари сентябрь ва октябрь ойларида Тошкент, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Жиззах, Сирдарё, Наманган, Андижон, Фарғона, Бухоро ва Самарқанд вилоятларини қамраб олди.

Лойиҳада инглиз, рус, хитой, араб тилини биладиган хорижий тил сертфикати ёшлар иштирок этишди. Ўқув семинарлида сўнг, ҳудудларда ёш фермерлардан, экспортга энди кириб келаётган ва анча йиллик тажрибага эга экспортёрлардан иш жараёни билан уйғунликда интервьюлар олинди. Ушбу жараён маҳсулотни ерга экканда то уни экспорт маҳсулотига айлангунга қадар бўлган жараёнларни ўз ичига олади.

Вилоятлар кесимида энг кўп Самарқанд ва Бухоро вилоятларида экспорт-импорт соҳаларига қизиққан ва бу йўналишда ўзини ривожлантириш истагида бўлган ёшлар иштирок этишди.

“Ёш экспортчилар” лойиҳасининг мақсади:

1. Ёшларни экспорт амалиётларига тайёрлаш: Ёш тадбиркорларга халқаро савдо жараёнларини ўргатиш ва уларни экспортчи корхоналарда амалий тажрибага эга бўлишларига кўмаклашиш.

2. Экспорт бозорларини кенгайтириш: Ёшлар орқали кичик ва ўрта бизнесни халқаро бозорларга олиб чиқиш ва мамлакат экспорт имкониятларини ошириш.

3. Халқаро савдо кўникмаларини ривожлантириш: Ёшлар учун қисқа муддатли ўқув курслари ва тренинглар орқали халқаро бозор талаблари, божхона тартиботлари ва экспорт амалиётларини ўргатиш.

4. Амалиёт ва стажировкаларни ташкил этиш: Ёшларни экспорт жараёнларига жалб қилувчи корхоналар билан бириктириш ва уларга реал иш тажрибаси орттириш имкониятини яратишдан иборат.

Семинарларда ёритилган мавзулар:

· Иштирокчилар халқаро савдо, экспорт жараёнлари, халқаро бозор талаблари ва экспортни амалга оширишда эътибор қаратилиши зарур бўлган муҳим жиҳатлар бўйича батафсил маълумотлар олишди.

· Амалий машғулотлар ўтказилиб, реал экспорт жараёнлари билан боғлиқ тажрибалар ўрганилди.

· Ўқув машғулотлари давомида Telegram гуруҳлари ташкил этилиб, ёш тадбиркорларга доимий равишда онлайн дарслар ва консультациялар тақдим этилди.

Амалиётга жалб қилиш:

Ўсимликлар ҳимояси ва карантин агентлигининг марказий ва ҳудудий бўлимлари ҳамда экспортчи корхоналарда ёшлар амалиётчи-стажёр сифатида фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида ишга жалб қилинди.

Мазкур қилинган ишлар натижасида жами 10 та вилоятда 21 та семинар-тренинглар ўтказилиб, экспортга маҳсулот  тайёрлаш ва сотиш босқичларини ичига олган видео қўлланма, тарқатма материаллар тайёрланиб ижтимоий тармоқларга мунтазам жойланди.

Лойиҳа мураббийларининг Telegram мессенжерида семинар-тренинг ўтказилган ҳудудлар кесимида консультатив гуруҳлар очилди. Айни кунларда Ҳусниддин Исмоилов экспортга қизиққан ёшлар учун онлайн тренинг ўтказиб бермоқда. Ушбу онлайн дарслар ташқи хотирага ёзиб олинмоқда. Бугунга қадар 4 та онлайн дарслар ўтиб берилди.

“Ёш экспортчилар” лойиҳаси 10 та вилоят юқори савияда ташкил этилиб, ушбу тадбирларга 10 нафар ментор-консультантлар жалб қилинди. Мазкур тадбирга Республика бўйича 8000 яқин экспорт-импорт ва қишлоқ хўжалигига қизиқувчи ёшлар иштирок этди.

Бу лойиҳа орқали ёшлар халқаро бозорлар ва уларнинг таҳлили бўйича чуқур билим олишади, бу эса уларга самарали савдо операцияларини амалга оширишда ёрдам беради. Улар экспорт ва импорт бозорларига кириш, маҳсулот ва хизматлар етказиб бериш жараёнларини бошқариш, молиявий таваккалчиликларни минималлаштириш ва янги имкониятлардан фойдаланиш учун стратегик режалар тузишни ўрганадилар.

Бундан ташқари, иштирокчилар халқаро шартномалар тузиш, божхона талабларини бажариш, товарларни тўғри ҳужжатлаштириш, логистика жараёнларини режалаштириш, халқаро тўлов усуллари ва валюталарни бошқариш каби мураккаб жараёнларни самарали ўзлаштирадилар. Улар ҳар хил мамлакатларда ўтказиладиган бизнес музокаралари, мижозлар ва ҳамкорлар билан алоқаларни ривожлантириш, давлатлараро савдо сиёсати ва иқтисодий алоқаларни бошқариш усулларини билиб оладилар.

Натижада, халқаро бизнес муҳитида муваффақиятли фаолият юритиш учун зарур бўлган аналитик фикрлаш, тезкор қарор қабул қилиш, стратегик режалаштириш, инновацияларни жорий этиш ва мураккаб савдо операцияларини бошқариш кўникмаларини эгаллайдилар. Шу билан бирга, глобал бозорда рақобатбардош бўлиш ва йирик савдо келишувларини бошқаришда катта муваффақиятга эришишлари мумкин бўлади.