Туркманистон Россиянинг “Газпром” компаниясига табиий газ етказиб беришни тўхтатди, томонлар ёнилғининг янги нархи бўйича келиша олмади.
«Шартномада 30 июнь санасига ушбу давр учун нархларни қайта кўриб чиқиш назарда тутилган эди: агар томонлар нарх бўйича келишувга эришса, шартномани узайтириш имкони бор эди. Биз музокаралар олиб бордик, аммо тижорат масаласида умумий келишувга эриша олмадик.
Шунинг учун, шартнома шартларига мувофиқ, айнан шу даврда нарх қайта кўриб чиқилиши лозим эди ва агар томонлар келишувга эришмаса, 30 июнда шартнома бекор қилиниши керак эди. Биз шундай қилдик», деди Бабаев.
У “Туркменгаз” учун газ етказиб беришни бошлаш, қайта тиклаш ёки тўхтатишнинг асосий шарти тижорат қисми эканини таъкидлади.
Олди-сотди шартномалари айнан манфаатдорлик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик нуқтайи назаридан кўриб чиқилади. Бугунги кунда бизда турли томондан – шимолий, ғарбий, шарқий томондан талаб ортиб бормоқда. Шунинг учун, айтиш мумкинки, биз ҳар куни турли харидорлар ва мамлакатлар билан музокаралар олиб борамиз, шу туфайли ҳамма нарса бўлиши мумкин, дея у Россияга етказиб беришни қайта тиклаш имконияти ҳақидаги саволга жавоб берди.
Шунингдек, Бабаев ҳозирда Туркманистон – Ўзбекистон – Қозоғистон – Хитой трансмиллий газ қувурининг тўртинчи тармоғини қуриш бўйича музокаралар кетаётганини маълум қилди.
«Бугунги кунда биз доимий музокаралар жараёнидамиз. Ҳозирча нарх масаласида келишувга эришилмаган бўлса-да, бу музокаралар давом этмоқда. Яқин вақт ичида келишувга эришишимизга умид қиламан», дея таъкидлади у.
“Газпром” 2019 йилда “Туркменгаз” давлат корхонасидан беш йил муддатга — 2024 йил 30 июнгача табиий газ сотиб олиш бўйича шартнома тузганди. Унга кўра, Туркманистондан “Газпром”га газ етказиб бериш ҳажми йилига 5,5 миллиард куб метрни ташкил этган.