Энди йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатланган юк машина ҳайдовчилари жаримага тортилади

Ўзбекистонда энди йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатланган юк машиналари ҳайдовчилари жаримага тортилади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли қўшимча киритилди 28 октябрдан кучга кирди.

Кодекснинг янгиланган 128-моддасига кўра, йўлнинг четки чап қаторида юк автомобилларининг ҳаракатланиши (чапга бурилиш ёки орқага қайрилиш каби рухсат этилган ҳолатлар бундан мустасно) энди базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,5 баравари, яъни 187,5 минг сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Биринчи жаримадан кейин бир йил давомида такроран қоидабузарлик БҲМнинг 1 баравари (375 минг сўм), учинчи қоидабузарлик БҲМнинг 3 баравари (1 млн 125 минг сўм), йил давомида тўртинчи ва ундан кейинги қоидабузарликлар БҲМнинг 4 баравари (1,5 млн сўм) миқдорида жарима ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 6 ой муддатга маҳрум қилиш билан жазоланади.

2022 йилда янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидалари тасдиқланганди. Унда юк автомобиллари, Йўл ҳаракати қоидаларида белгиланган айрим истиснолардан ташқари барча ҳолатларда, йўлнинг фақат ўнг қатнов қисмидан ҳаракатланиши шартлиги белгиланганди. Бироқ Маъмурий кодексда санкциялар белгиланмагани сабаб  қоидабузарлик учун жазолаш имкони йўқ эди.

 “Транспорт воситаси чапга қайрилмоқчи бўлса, йўл ҳаракати қоидалари бўйича чап қаторни эгаллаши керак ёки орқага қайрилиб олиш учун чап қаторни эгаллаши лозим. Шу қоида истисно тариқасида кўрсатилган. Бундан ташқари вақтда юк автомобилларининг барчаси охирги ўнг тасмадан ҳаракатланиши керак”, деган эди ИИВ ЖХД ЙҲХХ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров.