Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг (IUCN) янгиланган Қизил рўйхатида эълон қилинган биринчи Дарахтларни глобал баҳолашга кўра, дунёдаги дарахтларнинг 38 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида.
Биринчи бор дунёдаги дарахтларнинг аксарияти IUCN Қизил рўйхатига киритилган бўлиб, баҳоланган 47 282 турдан камида 16 425 таси йўқолиб кетиш хавфи остида эканлиги маълум бўлди. Дарахтлар ҳозирда Қизил рўйхатдаги турларнинг тўртдан бир қисмини ташкил этади ва хавф остида қолган дарахтлар сони барча хавф остидаги қушлар, сутэмизувчилар, судралувчилар ва амфибиялар сонидан икки баравар кўп. Умуман олганда, дунёнинг 192 мамлакатида дарахт турлари йўқолиб кетиш хавфи остида.
Хавф остидаги дарахтларнинг энг катта қисми оролларда жойлашган. Оролдаги дарахтлар, айниқса, шаҳарсозлик ва қишлоқ хўжалиги учун ўрмонларнинг кесилиши, шунингдек, зараркунандалар ва касалликлар туфайли дарахтлар катта тезликда йўқолиб бормоқда.
IUCN Қизил рўйхати, шунингдек, дарахтларнинг камайиши минглаб бошқа ўсимликлар, замбуруғлар ва ҳайвонлар учун катта хавф эканлигини кўрсатади. Дарахтлар углерод, сув ва озуқа моддаларининг айланиши, тупроқ шаклланиши ва иқлимни тартибга солишдаги роли орқали Ердаги ҳаёт учун асосий манба ҳисобланади.
Аммо дарахтлар популяциясига бевосита инсон омили ҳам таъсир кўрсатади. Хусусан, IUCN Қизил рўйхатига киритилган 5000 дан ортиқ дарахт тури қурилишда ёғоч учун, 2000 дан ортиқ тури эса дори-дармонлар, озиқ-овқат ва ёқилғи учун ишлатилади.
Маълумот учун, IUCN Қизил рўйхатига ҳозирда 166 061 тур киритилган бўлиб, 46 337 таси йўқолиб кетиш хавфи остида.