Мева-сабзавот экспорт қилувчиларнинг транспорт харажатлари қоплаб берилади

Бунда улар ҳаво транспортида ташишда экспорт қийматининг 15 фоизигача компенсация олиши мумкин.

“Савдони ривожлантириш компанияси” мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишда транспорт харажатларини қоплайди. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси хабар берди.

Пул маблағлари экспорт қилувчи компанияларга маҳсулотларни хорижга авиатранспорт орқали жўнатгандан сўнг тақдим этилади.

Тўлов миқдори етказиб бериш мамлакатига, шунингдек, товар ҳажмига боғлиқ. Аризалар subsidiya.epauzb.uz  платформаси орқали қабул қилинади.

Россия, Хитой ва Афғонистонга етказиб беришда нархнинг 13%и тўланади. Бошқа мамлакатларга (Ўзбекистон билан чегарадош давлатлардан ташқари) экспорт учун компенсация 15%ни ташкил этади.

“Савдони ривожлантириш компанияси” президентнинг март ойидаги қарорига мувофиқ Савдо-саноат палатаси бошқаруви остида ташкил этилган. У Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағларини тақсимлаш, хусусан, экспортни субсидиялаш учун масъулдир.

Ташкилот транспорт, хорижий офислар, омборлар, савдо бинолари ижараси, суғурта ва реклама харажатларини қоплайди. Шунингдек, бизнесга хорижий брендлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва хорижий мутахассисларни жалб қилишда ёрдам беради.