2023 йил октябрь ойида бошланган Россия газининг Ўзбекистонга етказиб берилиши ҳозирги вақтда 5 миллиард кубометрдан ошди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захаровага таяниб, “Интерфакс” хабар берди.
Қайд этилишича, 2023 йил Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон етакчилари “Газпром” ва “UzGasTrade” ўртасидаги икки йиллик шартнома доирасида Россия табиий газини Қозоғистон орқали транзит тарзида етказиб беришни бошлаган.
Захаровага кўра, бугунги кунда етказиб бериш ҳажми 5 миллиард кубометр газдан ошган. Бундан ташқари, Россиянинг “Газпром” ва “ЛУКОЙЛ” каби компаниялари Ўзбекистон ҳудудида газ конларини ўзлаштириш бўйича қатор лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширмоқда. Томонлар газ соҳасида ҳамкорликни босқичма-босқич кенгайтиришни режалаштирмоқда. Томонлар ўртасида икки томонлама энергетика ҳамкорлигини ривожлантиришни секинлаштирадиган ҳеч қандай муаммо мавжуд эмас.
Энергетика мавзуси музокаралар кун тартибига энг юқори даражада, шунингдек, идоралараро ва экспертлар даражасида киритилмоқда.
“Бу соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари жорий йилда бўлиб ўтган учрашувларда муҳокама қилинди. Бунга Россия Президенти 26-28 май кунлари амалга оширган давлат ташрифи ҳамда Россия ҳукумати раисининг 9-10 сентябрь кунлари Ўзбекистонга қилган расмий ташрифи киради. Ушбу ташрифлар доирасида шу мавзу ҳам муҳокама қилинган эди” деди Захарова.
Билдирилишича, энергетика ҳамкорлиги икки томонлама муносабатларда муҳим ўрин тутади ва икки давлатнинг ташқи ишлар идоралари бу турдаги ҳамкорликка зарур сиёсий-дипломатик ёрдам кўрсатмоқда.