Зулфия номидаги Давлат мукофоти талабгорларини танлаш тартиби белгиланди

Ҳукумат Қарорига кўра, талабгорлар 8 та йўналиш — фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва жамоатчилик фаолияти бўйича танловлар орқали сараланади.

Мукофот ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган иқтидорли хотин-қизларга ўқиш ва меҳнат фаолиятидаги ютуқлари учун берилади.

Йўналишлар бўйича ҳар бир ўринга муносиб талабгорларни танлаш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

— туман (шаҳар) босқичи — 2-сентябрдан 20-октябрга қадар;

— Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи — 21-октябрдан 30-ноябрга қадар;

— республика босқичи — 1-декабрдан 31-декабрга қадар ўтказилади.

Мукофот ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 2 нафардан вакилларига — жами 28 нафар талабгорга берилади.

Совриндорларга мукофотланганлик ҳақидаги диплом, кўкрак нишони ҳамда БҲМнинг 50 баравари миқдоридаги пул мукофоти ҳар йили 8-март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида тантанали вазиятда топширилади.