Онасидан барвақт айрилган Насима (исм ўзгартирилди) отасининг қарамоғида қолди. Ичкиликка ружу қўйган ота қизини қаровсиз қолдирарди. Балоғат остонасига қадам қўйиб, номусидан айрилган Насима кейинчалик, 25 ёшида маънавий ахлоқсизлиги туфайли қамоққа олинди.
У бугун тўрт девор орасида хазон бўлаётган умрини, кўз ёшлар билан ўтаётган гул ёшлигини хотирлаб йиғлайди. У ҳам бошқа қизлар сингари касб-ҳунар ўрганиб, яхши бир оилага келин бўлиши, этак-этак фарзандларни дунёга келтириб, оналик бахтига муяссар бўлиши мумкин эди. Қирқ ёшнинг остонасида турган аёл тақдиридан ўкинади, пушаймонлик изтироби билан юм-юм йиғлайди.
Сўнгги йилларда нафақат дунёда, балки Ўзбекистонда ҳам аёллар томонидан содир этилаётган жиноятлар сони ортиб бормоқда. Биргина 2023 йилда мамлакатимизда 6 мингдан ортиқ аёллар судлангани бунинг яққол далилидир. Олий суд маълумотларига кўра, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 6466 нафар аёлнинг иши кўриб чиқилган. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 37 179 нафар шахсга нисбатан 29 086 та жиноят иши кўрилган бўлиб, уларнинг 3 354 нафари аёллардир.
Бу кўрсаткичлар аёлларнинг жиноятга қадам қўйиши ортидаги сабаблар ҳақида жиддий таҳлиллар олиб боришга ундайди.
Биргина Оҳангарон шаҳрида 2023 йилда аёллар ўртасида 18 та жиноят содир этилган бўлса, жорий йилнинг дастлабки 9 ойида 16 та жиноят қайд этилди. Бунинг устига, ўтган йилда шаҳарда 6 нафар аёл қамалган бўлса, бу йил 5 нафар аёл ахлоқсизлик ва маънавий бузуқлик туфайли жазога тортилди.
Дарҳақиқат, жиноят кўчасига кираётган аёллар ҳолатини тушуниш, уларни бу йўлга бошлаган омилларни аниқлаш жуда муҳим. Бу мавзуда фикр юритиш жиноятларнинг олдини олиш ва хотин-қизларни тўғри йўлга қайтаришга ёрдам бериши мумкин. Қуйида масалага бевосита алоқадор бўлган психологлар ҳамда ижтимоий соҳада фаолият юритаётган мутахассислар фикрлари орқали муаммони очиб беришга ҳаракат қилдик.
Шаҳноза Наврўзова, психолог:
– Аслида, жиноятчиларни эркак ёки аёлга ажратиб ўрганишимиз хато. Эркак ҳам, аёл ҳам турли сабаблар билан жиноятга қўл уради. Эркакда бор нафс аёлда ҳам бор. Аёл ҳам тезда бойиб кетишни истайди ва бу истакларига олиб борувчи осонроқ йўлни қидиради. Натижада боши берк кўчага кириб қолади. Статистикани таҳлил қиладиган бўлсак, сўнгги йилларда аёллар томонидан содир этилган жиноятлар сони ортган. Ҳар икки турдаги жиноятнинг моҳиятида бойликка эришиш мақсади турибди.
Бундан шундай хулосага келиш мумкин: жиноятчи аёл дангаса, оиласида яхши тарбия кўрмаган, қадр-қимматини билмайди ёки ўз кучига ишонмайди. Лекин бу қусурлар жиноятчи аёлларнинг барчасига тегишли деб айтолмайман. Бу йўлга адашиб ёки тасодифан кириб қолган яхши хулқли аёллар ҳам учраб туради.
Жиноят кўчасига кириб қолган айрим аёллар моддий манфаатни барча нарсадан устун қўяди, пул учун яқинларидан ҳам осонгина кечиб кетиши мумкин. Айблари ва хатоларини юзига айтсангиз, тан олишни истамайди, бунинг ўрнига психологик босим ўтказиб, шовқин-сурон кўтаради. Уларни тўғри йўлга қайтариш осон эмас.
Шу боис айримлари қамоқда жазосини ўтаб қайтса-да, яна ўша жиноятни содир қилади. Энг тўғри йўл – уларни ширин сўз, дўстона муносабат билан тўғри йўлга қайтаришдир.
Масалан, Оҳангарон шаҳрида яшовчи О.Э. исмли аёл 50 ёшига қадар 3 марта қамалган. Барчасида ноқонуний риелторлик фаолияти билан қўлга олинган.
У 25 ёшида турмуш ўртоғи билан ажрашиб кетган, бир нафар фарзандини ёлғиз ўзи тарбиялаган. Аёл риелторлик орқали мўмай даромад топиш мумкинлигини ҳар доим таъкидлайди, гарчи 3 марта қамалган бўлса ҳам,қилган жиноятидан афсусланмайди. Яна бир аёлни биламан, турмушидан ажрашган ва Қозоғистон Республикасига ишлаш учун кетиб, қайтишда чегарани бузган ҳолда белгиланмаган жойдан қочиб келган.
Ўша аёл ҳам 2 йилга қамалиб чиққан. Лекин у қилган ишидан афсусда – пушаймон, ўзайбини тан олади. Бу икки тоифа аёл руҳиятида осмон билан ерча фарқ бор. Аёл нега жиноят қилади деган саволга атрофимиздаги шу каби инсонлар ҳаётидан жавоб топишимиз мумкин.
Камола Усманова, Оҳангарон шаҳри Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи:
– Ўзбек оиласида қиз фарзанд туғилса, “қиз бола бировнинг хасми” дейишади, ўғил туғилса, “меросхўр туғилди” дея қувонишади. Уй-жойимиз, мол-мулкимиз ўғил фарзандга қолади. Турмуши ўхшамаган қизларимиз ота уйига қайтиб келишса, чиққан қиз чиғириқдан нари дея, ожизаларни ўз ота уйига сиғдиришмайди. Чунки улар учун ўғил фарзандлар ҳақиқий меросхўр-да!
Аслида, мана шундай эскича стереотиплар миллатимизни жар ёқасига олиб боради, қизларимизнинг тўғри йўлдан адашишига сабаб бўлади. Табиийки, кўп ҳолларда ажрашган аёллар уйсиз қолишади.
Ўзингизга маълум, уйсиз, бошпанасиз, пулсиз қолган аёллар ўзлари билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолишяпти. Соҳа масъули сифатида уларни тўғри йўлга қайтаришга уринамиз, суҳбатлар ташкил қиламиз, минг афсуски, гоҳида етарли таъсир ўтказолмаймиз. Аёл нега жиноят қилади?
У ўзи туғилиб ўсган уйида етарли меҳр олмайди, атрофдагилардан кераклича эътибор, ҳурмат кўрмайди. Яқинларининг ишончини ҳис қилмайди. Натижада унинг ҳаётдан кўнгли совий бошлайди. Қаҳри қаттиқлашган аёлни энди панжара ортидаги ҳаёт ташвишга солмай қўяди.
Мана шунинг оқибатида юзлаб, ҳатто минглаб хотин-қизларимиз қамалиб кетишяпти. Яна эскича стеоратипларга тўхталаман. Одамлар жазосини ўтаб қайтган аёлга қараб, қўлларини бигиз қилишади, ундан ўзларини олиб қочади. Натижада нормал ҳаёт кечиришга қийналган аёл панжара ортидаги ҳаётни соғина бошлайди.
Муаммонинг илдизини таҳлил қилсак, барчаси меҳр ва эътибор йўқлигига бориб тақаляпти. Шундай экан, аёлларимизни эъзозлайлик, токи улар иштирокидаги жиноятлар камайсин.
Севара Деҳқонова, Оҳангарон тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи:
– Аёлнинг жиноят кўчасига кириб қолишида турмуш ўртоғининг ҳам ҳиссаси бор. Кўп ҳолларда рўзғордаги етишмовчилик, йўқчилик иродаси заиф, сабрсиз аёлларни жиноятга етаклайди. Оҳангарон туман ҳудудининг асосий қисмини тоғли қишлоқлар ташкил қилади. Шукрки, қишлоқларда яшовчи хотин-қизлар иштирокида деярли жиноят содир этилмайди. Бироқ, туманимизнинг Эйвалек ва Нуробод маҳаллаларида яшовчи хотин-қизлар орасида жиноят кўчасига билиб-билмай кириб қолган аёлларимиз бор.
Аксарияти ўз хатоларини тушуниб етишган. Айримлари ҳозирги кунда жазони ижро этиш муассасаларида. Жорий йилда туманимиз ҳудудига жазони ижро этиш муассасаларидан ўнга яқин аёл муқим яшаш учун келган. Ўзингизга маълум, қамоқдан чиққан аёлни жамиятимиз қучоқ очиб кутиб олмайди. Турли тамғалар билан унинг нормал ҳаёт кечиришини чеклаб ташлашади.
Жамиятдаги мана шу иллат – эскича қарашлар ҳам аёлнинг жиноят кўчасига қайта кириб қолишига, панжара ортини қайта соғинишига сабаб бўлади.
Хулоса ўрнида
Ҳеч бир қизалоқ жиноятчи бўлишни орзу қилмайди. Ҳар бир жиноятчи аёлнинг ўз фожиаси ва ҳақиқати бор. Улар жиноятчилик кўчасига қадам қўйган бўлиши мумкин, лекин бу уларни тўғри йўлга қайтариш мумкин эмас дегани эмас. Уларнинг ҳаётидаги қийинчиликлар ортида жамиятнинг ҳам масъулияти бор. Шунинг учун жамиятимиз аёлларга нисбатан меҳр ва қўллаб-қувватловни кучайтириши зарур.
Аёл – фарзанд, она, опа-сингил, меҳрибон умр йўлдош ва уни жиноятчиликдан узоқлаштириш учун ҳаммамиз масъулмиз.
Шоира Тўлаганова