Оқ уй аппаратига тарихда илк бор аёл киши раҳбарлик қилади

АҚШда республикачи Дональд Трампнинг сайловолди кампаниясига раҳбарлик қилган Сюзи Уайлс инаугурациядан кейин Оқ уй аппарати раҳбари бўлади. У бу лавозимга эгаллаган биринчи аёлга айланади. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Сюзи Уайлс Америка тарихидаги энг йирик сиёсий ғалабалардан бирига эришишимга кўмаклашди ва 2016 ҳамда 2020 йиллардаги муваффақиятли сайлов кампанияларимнинг ажралмас қисми бўлди. У кучли, ақлли, инновацион шахс бўлиб, у ҳамманинг ҳурмат ва эътиборига сазовордир. Сюзи Американи яна буюк қилиш учун тинмай меҳнат қилишни давом эттиради. Унинг Қўшма Штатлар тарихидаги биринчи аёл аппарат раҳбари бўлиши Сюзи учун муносиб шарафдир. У мамлакатимизни ўзи билан фахрланишга ундашига шубҳа йўқ, деган Трамп.

Уайлс — флоридалик тажрибали сиёсатчи. У Трамп кампаниясига де-факто раҳбарлик қиларди. CNN бу кампанияни “энг мураккаб ва интизомли” деб баҳолаган.

Таъкидланишича, Уайлс Трампга аппарат раҳбари лавозимини эгаллашдан олдин маълум шартларни қўйган — уларнинг энг муҳими президент билан Оваль кабинетда кимлар алоқа қила олиши устидан кучлироқ назорат ўрнатиш эди.

Трампнинг биринчи муддатида унинг аппарат раҳбарлари Оқ уйга норасмий маслаҳатчилар, оила аъзолари, дўстлар ва бошқа бегона шахсларнинг президент билан учрашиш учун киришига тўсқинлик қилишга уринган.

Axios нашри Трамп ўзининг миллий хавфсизлик бўйича жамоасида собиқ генералларни кўришни хоҳламаслиги, бизнесмен ҳамда компания раҳбарларини афзал билишини ёзмоқда. У, шунингдек, ўзига содиқ шахсларни Вашингтондаги раҳбарлик лавозимларига жалб этиш имкониятини кўриб чиқмоқда.