Қашқадарёдаги хусусий клиникада 28 ёшли аёл вафот этди

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳридаги клиникада 28 ёшли аёлни бўйнига “проба”сиз қилинган антибиотик укол сабабли вафот этган ҳақида хабарлар тарқалди. Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов ҳолат юзасидан маълумот берди.

6 ноябрь куни соат 11:00 ларда 28 ёшли аёл Н.Б. хусусий поликлиникага ангинаси ишиб кетгани бўйича мурожаат қилиб келган. Унинг томоғи ишиб, йиринглагани сабабли хусусий поликлиника ЛОР шифокори Ж.I. унинг томоқ қисмидан “Цефтриаксон” ва “Дексаметазон” дори воситалари аралашмасидан инексия юборганида бемор аёлнинг тили тортилиб кетган.

Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан аёл соғлиғи ёмонлашиб, ҳодиса жойида вафот этган.

Айни пайтда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сентябрь ойида Тошкентда “Цефтриаксон” олган аёл нафаси бўғилиб, ҳушини йўқотгани, у тезкорлик билан шифохонага олиб борилиб, ҳаёти сақлаб қолингани ҳақида хабарлар тарқалганди. Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази бунга муносабат билдириб, ҳолат дори воситасини шифокор тавсиясисиз, ўзбошимчалик билан қабул қилингани сабаб юзага келганини маълум қилганди.

Марказ берган маълумотга кўра, “Цефтриаксон” дори препарати кенг таъсир доирасига эга бўлган антибиотиклар оиласининг учинчи авлодига мансуб бўлиб, у бактериал инфекцияларни даволашда қўлланади. Лекин шамоллаш, грипп ва бошқа вирусли инфекциялар муолажасида таъсир кўрсатмайди.