Афруза Ҳамдамова шахмат бўйича икки карра жаҳон чемпиони бўлди

Бразилияда бўлиб ўтаётган ўсмирлар ўртасидаги FIDE жаҳон чемпионатининг 16 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги баҳсларида ўзбекистонлик шахматчи Афруза Ҳамдамова муддатидан олдин чемпион бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Шахмат Федерацияси Матбуот хизмати хабар берди. 

Унга кўра, Ҳамдамова 10 та партияда 9,5 очко жамғаришга муваффақ бўлди (9 та ғалаба, 1 дуранг). Мусобақанинг сўнгги турида қандай натижа қайд этишидан қатъий назар, рақибларининг бирортаси ҳам унга ета олишмайди.

Маълумот ўрнида, Афруза Ҳамдамова ўтган йили Италияда бўлиб ўтган FIDE жаҳон чемпионатида 14 ёшгача бўлган қизлар орасида ҳам муддатидан олдин ғолибликни қўлга киритган эди. Ўшанда Афруза Ҳамдамова жаҳон чемпионига айланган Ўзбекистондаги илк аёл шахматчи бўлган эди.