Ўзбекистон президенти администрациясининг собиқ ходимига қилинган суиқасд воқеасида «чечен изи» борлиги ҳақидаги тахминларни «асоссиз айблов» деб баҳолади Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров.
“Бир неча ҳафта олдин Ўзбекистонда президент администрациясининг собиқ ходими бўлган шахснинг машинасига ўқ узилди. (…) Ҳодиса юзасидан тергов натижалари эълон қилинмасидан олдин, айрим ғарбга мойил ва мамлакатдаги оппозицион ОАВлар бу воқеада ‘’чечен изи”борлиги ҳақида асоссиз айбловларни илгари сурди ва мени айблашди”, — деб ёзди Қодиров ўзининг Телеграм каналида.
Шимолий Кавказ Республикаси раҳбари «провокацион хабарлар тарқалишига» жавоб бермаслигини таъкидлаб, «ҳақиқатда бирор нарса режалаштирган бўлганида, албатта уни охиригача етказиб, юз фоизлик натижага эришган бўлар эди», деди.
Қодировнинг сўзларига кўра, ўзбек ва чечен халқлари умумий тарихий ўтмишга эга қардош халқдир. У шахсан ўзини Ўзбекистон билан отасининг ҳаёти орқали боғлиқлигини таъкидлади.
«Ушбу маълумотларнинг тарқалишини айрим учинчи шахсларнинг сиёсий ўйинлари учун восита ва мамлакатларимиз ўртасида низо келтиришга очиқ уриниш деб баҳолайман», дея таъкидлади Қодиров ва маълумот манбаларини аниқлаш ишлари олиб борилаётганини қўшимча қилди.