Деновда фермер 314,8 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг хабар беришича, Денов туманида “Х.” фермер хўжалиги раҳбари Ж.Х. дала ер майдонида электр сув насосини умумий фойдаланишдаги тармоққа ўзбошимчалик билан улаб, 314,8 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Шунингдек, Департаментнинг Янгибозор тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда тумандаги “Р.Й.” ва “Ш.Б.” фермер хўжаликлари масъул шахслари электр сув насосларини умумий фойдаланишдаги тармоқларга улаб, жами 213,4 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.

Худди шундай, Департаментнинг Балиқчи тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Х.” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Ғ.У. 100,1 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.