2024 йилги EF English Proficiency индексида Ўзбекистон аҳолиси инглиз тилини билиш даражаси бўйича паст мамлакатлар қаторига киритилди.
Бу йил мамлакатимиз 114 та давлат ичида 98-ўринни эгаллади. Таъкидлаш керакки, бу натижа ўтган йилги кўрсаткичдан ҳам ёмонроқ, чунки 2023 йилда Ўзбекистон 113 та давлат орасида 93-ўринда эди.
Ўзбекистонликларнинг инглиз тили билими бўйича ўртача балли ҳам пасайган: ўтган йили 442 балл бўлган бўлса, бу йил 439 баллни ташкил этган (максимал балл 700).
Ўзбекистон ушбу рейтингда илк бор 2018 йилда қатнашган бўлиб, ўшанда 88 та мамлакат орасида 86-ўринни олган эди. Индексте 18 ёшдан катта бўлган иштирокчиларнинг натижалари инобатга олинади.
Жаҳон бўйича энг юқори ўринни яна бир бор Нидерландия эгаллаган. Энг яхши ўнталикка, шунингдек, Норвегия, Сингапур, Швеция, Хорватия, Португалия, Дания, Греция, Австрия ва Германия кирган.
Марказий Осиё давлатлари ичида Қирғизистон 88-ўринда, Афғонистон 95-ўринда, Қозоғистон 103-ўринда, Тожикистон эса 109-ўринда қайд этилган.