Сунбулада сувлар, мезонда эса кунлар совий бошладими, бас, одамлар дарров қиш ғамини кўра бошлайди. Ақраб адоғига етмай қаҳратоннинг қақшатқич нафаси уфуришини англаб, кимдир кўмир, кимдир ўтин йиғишга тушади. Ёз бўйи таппи ғамлаганлар ҳам қаттиқроқ ёқилғи жамғариш пайида бўлишади. Ахир, қиш чилласида, айниқса, мамлакатимизнинг шимолий ҳудудларида хонадонларни таппи билан мўътадил ҳароратда иситиб бўларканми?!
Бугунги кунда чекка қишлоқ ва овулларда уйларни иситиш масаласи йилдан-йилга оғирлашиб бораётгани сир эмас. Аксарият шаҳар ва туман марказларидан олисдаги ҳудудлар газ таъминотидан узилган. Одамлар уйларини ўтин ёки таппи билан иситиб келади. Кейинги йилларда ўтин топиш ҳам катта муаммога айланмоқда.
Негаки, кластер ва фермерлар пахта йиғим-теримидан сўнг ғўзапояни ўғит бўлади деган мақсадда комбайнга ўрдириб, майдалатиб, далага сочишни афзал билишяпти. Оқибатда қишлоқ одамлари асосий иситиш манбаи бўлмиш ғўзапоядан маҳрум бўлди. Таассуфки, бу борада одамларнинг қиши қандай ўтишини қайғурадиган бирорта мард топилиши даргумон.
Таъкидлаш жоиз, ҳар йили мунтазам равишда ўтказилиб келинаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари ўз самарасини бераётгани қувонарли ҳол, албатта. Бунинг натижасида одамлар овлоқ жойлар: ариқ, захкаш ва магисраль йўллар бўйларидаги юлғун, жийда, тол, терак, туранғил, тут каби тез ўсувчан дарахтларни ўтин қилиш мақсадида кесиш мумкин эмаслигини аллақачон чуқур тушиниб, англаб етишган. Олдинлари қиш келиши билан кўпчилик бу каби дарахтларни кесиб, ўтин тайёрлашга тушиб кетишар эди. Эндиликда бир боғ ғўзапояни кўзга тўтиё қилиб йиғиб олишга интилишади.
Дарвоқе, ҳар йили куз келиши билан мамлакатимизнинг барча туманларида газ билан таъминланмаган аҳолини кўмир билан таъминлаш мавсуми бошланади. Темирйўл станциялари омборларида ҳар бир хонадонга бир тонна кўмир имтиёзли нархларда тақсимлаб берилади. Кўмир берилиши бу жуда яхши, албатта. Бироқ олис овул ва қишлоқлардаги ҳар битта хонадон учун қиш мавсумида бир тонна кўмир етиб ортади деб ўйлаш қанчалик тўғри?! Барча хонадонларда энг камида иккита печкага кўмир ёқилади. Баъзиларида эса иккитадан ҳам ортиқ. Сабаби, оилада икки нафар келин бўлса, улар қайнота-қайнона билан бир хонада ётишмайди-ку, ахир.
Ҳисоб-китоб қилинадиган бўлса, ҳарорат ўртача бўлган кунда битта печкага 10 — 12 килограмм кўмир ёқилади. Иккита печкага эса бир кунда 20 — 24 килограмм кўмир сарфланади, 10 кунда эса 240 — 250 килограмм кўмир ёқиб тамом қилинади. Совуқ кучайган кунларда эса кўмир миқдори оширилиб ёқилади. Энди бу ёғи ўзингизга аён – 1 тонна кўмир 1 ойга зўрға етиши мумкин.
Афсуски, қиш бизнинг мамлакатимизда атиги бир ойгина давом этмайди. Шимолий ҳудудлар: Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида қаҳратон қиш нақд тўрт ой давом этиши барчага кундай равшан.
Ноябрь ойидаёқ бошланган совуқ то баҳорнинг аямажузигача ҳукмрон бўлиб туради. Ана шуни инобатга олган ҳолда, республикамизнинг шимолий минтақаларига кўмир тақсимотини соғлом қараш билан қайта ўйлаб кўриш керак эмасмикан?!
Дарҳақиқат, элдошларимиз фикрига қулоқ соладиган бўлсак, кўпчилик хонадонлар бир қиш мавсумини 2,5 ёки 3 тонна кўмир билан чиқарар экан.
Улар имтиёзли нархда берилган кўмирдан ташқари жуда қиммат нархда яна қўшимча равишда кўмир сотиб олишга мажбур бўлишмоқда. Тақсимотдан ташқари кўмирнинг 1 тоннаси 1,6 миллион сўмдан сотилмоқда. «Кўмиртаъминот» МЧЖ омборларидан уйгача етказиш нархи ҳам осмон билан бараварлигини айтмасдан илож йўқ. 1 тонна кўмирни 5-6 километр масофага етказиб бериш учун чакана автоулов эгалари 300-350 минг сўмни қуртдек санаб олишади. 300 минг сўмлик кўмирингиз ҳаш-паш дегунча 600 минг сўмга тушади.
Имконияти чекланган, боқувчисини йўқотган, ёлғиз қариялар, аёллар, касалларга ҳафталаб навбат кутиш ва яна отнинг калласидай пул тўлаб ташитиш осон дейсизми?! Бу бардам-тетик одамларга ҳам осон эмас, албатта. Шу боис кўмир тақсимотини ҳар бир қишлоқнинг ўзида мавсумий ташкил қилинган омборларда амалга оширган маъқул эмасми? Бу кўпчиликнинг талаб-таклифидир аслида.
«Ўзбеккўмир» ҳиссадорлик жамияти масъулларининг ўтган йил оммавий ахборот воситаларига берган маълумотномасида 1 тонна кўмир нархи бир неча йилдан буён ўзгаришсиз қолаётганини таъкидлаган эди – 300 минг сўм. Бу жуда яхши, албатта. Яна шу манбада «Ҳудудий кўмир омборлари аҳоли томонидан харид қилинган маҳсулот омборга қарашли автотранспортда бепул юклаб берилади», дейилади.
Буниси ҳаммасидан аъло. Бироқ «Кўмиртаъминот» МЧЖ ва унинг жойлардаги бўлимлари омборларидан харид қилинган маҳсулотни навбатда туриб олишнинг ўзи катта муаммолигича қолмоқда. Масалан, кўпчилик бир ҳафта давомида кўмир олишга қатнаб, турнақатор навбатда тура-тура, гали етмасдан қуруқ қайтганидан шикоят қилади.
Бу бир ҳафта давомида давлат идорасида ишловчилар ишини, бошқалар асосий тирикчилигини бир четга суриб қўяди. Айрим туманларда ҳафтанинг белгиланган кунларини маълум бир маҳаллалар аҳолиси учун ажратиб қўйган бўлса ҳам навбатлар ҳануз гавжумлигича қолмоқда. Бунинг асосий сабаби аслида омборхона масъулларининг расмиятчилик ишларини тўғри ташкил этолмаганида бўлса керак.
Негаки, омборларда истеъмолчилар ҳужжатларини маҳалла фуқаролар йиғини раислари томонидан тақдим қилинган рўйхатлар билан солиштириб, олди-бердини расмийлаштиришдек масъулиятли вазифада фақатгина бир нафар шахс шуғулланаётгани сир эмас. Бундай вазиятда бу вазифага яна 3-4 нафар ходим тайинланса, нур устига нур бўлар эди.
Ачинарли томони шундаки, Ўзбекистонда қазиб олиниб, аҳолига имтиёзли нархлардаги кўмир 50 фоизи кукун ёки тупроқ аралашган ҳолатда тарқатилади. Одамлар уйни иситиш мақсадида шунга ҳам рози бўлишяпти. Аслида бундай сифати бир нави кўмир қайта ишланиб, брикет ҳолида тарқатилса, айни муддао бўлармиди?!
Эрпўлат БАХТ