Қозоғистонда “Ипак йўли” деб номланган поезд қатнови йўлга қўйилди. Ушбу тур “Алмати – Туркистон – Тошкент – Алмати” йўналиши бўйича илк маротаба 2024 йилнинг 16 ноябридан бошлаб амалга оширилади.
Халқаро темир йўл саёҳати давомида сайёҳлар тўрт кун мобайнида қадимий шаҳарлар муҳити билан танишиш ва Буюк Ипак йўли йўналишида саёҳат қилиш имкониятига эга бўладилар. Йўналиш Туркистон ва Тошкентнинг диққатга сазовор жойларини ўз ичига олади. Сайёҳлар учун гид хизмати, озиқ-овқат, транспорт хизматлари ва кириш чипталари ҳам таъминланган.
Саёҳат давомида сайёҳлар Ўрта Осиёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири ва муҳим савдо маркази бўлиб келган Ўтрор шаҳрини ҳам кўриш имкониятига эга бўладилар. Тур дастурига Орйстанбоб мақбараси, «Азрет Султон» тарихий-маданий қўриқхона музейи, шунингдек, Марказий Осиёдаги энг йирик сайёҳлик мажмуаси “Караван-Сарай”га ташриф ҳам киритилган. Тошкентда эса сайёҳларга тарихий ва замонавий обидалар билан танишиш имконияти берилади.
Ушбу халқаро тур “Passenger Transportation” акциядорлик жамияти, “Tau-Komek Travel”, “Turan Kazakhstan Travel”, “Grand Soluxe Travel Company”, “SkyWay Travel”, “Compass” ва “Khan Turan Travel” томонидан ташкил этилган бўлиб, “Kazakh Tourism” миллий компанияси бу йўналишни халқаро миқёсда тарғиб қилишда ёрдам беради.