14 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли саломатлигини яхшилаш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Тақдимотда касалликларни эрта аниқлаш, самарали даволаш ва тиббиёт тизимини такомиллаштириш бўйича қатор ислоҳотлар муҳокама қилинди.
Маълум қилинишича, Қашқадарё вилоятида онкология соҳасида тажриба тариқасида эрта аниқланган ҳолатлар учун тиббиёт ходимларига мукофот бериш тизими жорий қилинди. Ҳар бир бундай ҳолат учун 2 миллион сўм мукофот ажратилиши натижасида, кеч босқичда сарфланиши мумкин бўлган 8 миллиард сўм тежалди.
Шунингдек, донорликни рағбатлантириш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони эгалари учун қатор янги имтиёзлар жорий этилди. Уларга бир марталик пул мукофоти 5 баравардан 15 бараваргача оширилди, жамоат транспортидан бепул фойдаланиш ва давлат сиҳатгоҳларида навбатсиз даволаниш имконияти берилди.
Ушбу ислоҳотлар келгуси йил 1 январдан бошлаб амалиётга киритилади. Президент саломатликни сақлаш соҳасини янада такомиллаштириш, дорилар хариди ва скрининг текширувларини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.