“Бриллиант қўл” фильмининг қаҳрамони Светлана Светличная вафот этди

«Бриллиант қўл» фильмида Анна Сергеевна роли ижрочиси актриса Светлана Светличная 84 ёшида вафот этди. Бу ҳақда РБК нашри хабар берди.

Светличная 1940-йилда Арманистонда туғилган. 1959-йилда «Алла» фильми билан киносаноатдаги дебютини амалга оширган.

Актриса ўз фаолияти давомида «Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси» ва «Учрашув жойини ўзгартириш мумкин эмас» каби фильмларда рол ижро этган. У охирги маротаба «Беловодъе. Йўқолган мамлакат сири» фильмида иштирок этган.

Светличная 30 йилдан ортиқ вақт давомида халқ артисти Владимир Ивашов билан турмуш қурган, у «Аскарнинг балладаси», «Замондош қаҳрамони» ва бошқа фильмлардаги роллари билан машҳур. Ивашов 1995-йилда 55 ёшида вафот этган.

Маълумотларга кўра, 1990-йилларнинг охирида актриса Сергей Смирнов-Соколскийга турмушга чиққан, аммо никоҳ бир неча кундан кейин бузилган.