Сурхондарёда Nexia мактаб ўқувчисини уриб юборди


Сурхондарё вилоятининг Бандихон туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида 7 ёшли мактаб ўқувчиси вафот этди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, ҳодиса жорий йилнинг 12 ноябрь куни соат 8:00 да Бандихон тумани Чинор маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4R-100 автомобиль йўлининг 98-километрида рўй берган. 1992 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувида бўлган Nexia “Бандихон-Қизириқ” йўналишида ҳаракатланиб келиб, йўлнинг белгиланмаган жойидан югурган ҳолда кесиб ўтаётган 2017 йилда туғилган вояга етмаган болани уриб юборган.

Оқибатда бола олган тан жароҳатлари билан туман шифохонасида вафот этган.