Президент Сенат Раислигига яна Танзила Норбоева номзодини кўрсатди

Бугун, 19 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида Сенат Раиси ва унинг ўринбосарларини сайлаш тўғрисидаги ташкилий масала кўриб чиқилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати Раиси лавозимига сенатор Танзила Норбоева номзодини тақдим этган.

Танзила Норбоева давлат ва жамоат бошқарувида бой тажрибага эга экани, ўтган даврда шу лавозимдаги самарали фаолияти натижасида мамлакатда хотин-қизлар, болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вазият сезиларли равишда яхшилангани таъкидланган.

Шунингдек, Сенат Раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сенатор Содиқ Сафоев, Сенат Раисининг ўринбосари лавозимига сенатор Аманбай Ўринбоев номзоди тавсия этилган.