Жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади

Ҳукумат қарори (774-сон, 21.11.2024 й.) билан Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни жалб этиш ва уларга ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Низомга кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдам — Қонунда белгиланган тартиб-таомиллар ва шартларга мувофиқ давлат ҳисобидан тўлиқ ёки қисман кўрсатиладиган, жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган малакали юридик ёрдам ҳисобланади.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам қуйидаги жисмоний шахсларга кўрсатилади:

 Кам таъминланган шахслар: фуқаролик ишлари бўйича даъвогарлар ёки жавобгарлар, маъмурий ишлар бўйича ариза берувчилар, маъмурий қамоқ жазоси назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахслар, шунингдек, жиноят ишлари бўйича гумон қилинувчилар, айбланувчилар, судланувчилар ва маҳкумлар;

 Руҳий ҳолати бузилган шахслар: психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда;

Ўз ҳуқуқлари бузилган шахслар: хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги муносабати билан судга мурожаат қилганлар;

 Жиноят иши бўйича адвокат иштирок этиши шарт бўлган ҳолатлар: гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи.

Шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам ушбу шахслар томонидан маъмурий қамоқ жазоси назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган ҳолларда кўрсатилади.

Мурожаат тартиби

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун жисмоний шахслар экстерриториаллик принципи асосида адлия бўлимига оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин:

 Электрон шаклдаги мурожаатлар Ягона идентификация тизими (OneID) орқали “Юридик ёрдам” ахборот тизимида юборилади.

 Оғзаки ва ёзма мурожаатлар тегишли адлия бўлими томонидан мурожаат келиб тушган куннинг кейинги иш кунидан кечиктирмай тизимга киритилади.

 Адвокатларга белгиланган миқдорларда ҳақ тўланади.

 Шунингдек, хизмат сафари ва транспорт харажатлари қопланади, агар адвокат шартнома тузган жойдан 50 км ёки ундан узоқ ҳудудда юридик ёрдам кўрсатган бўлса.