Технологик металлар олий мактаби ташкил этилади

Куни кеча “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” АЖ ва Истанбул техника университети ўртасида таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича меморандум имзоланди.

Унда “ЎзТМК” АЖ раиси Фарҳод Абдуллаев ҳамда ИТУнинг “Кончилик” факультети декани, профессор Мустафа Кумрал келишувига асосан, Марказий Осиё университети қошида Технологик металлар олий мактаби ташкил этиладиган бўлди.


Ушбу олий мактабнинг вазифаси технологик металлар соҳасида магистратура ва докторантура талабаларини, илмий тадқиқотчиларни етиштириб чиқариш, шу билан бирга, илмий материаллар ва маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш, тоғ-кон ишлари, металлургия, материалшунослик, нанотехнология ҳамда энергетика бўйича қўшма тадқиқотларни олиб боришдан иборат.


Шунингдек, Технологик металлар олий мактаби дуал таълим тамойилига асосланган бўлиб, унга кўра талабалар 70-80% вақтларини ишлаб чиқариш корхоналарида (яъни амалиётда) ўтказадилар.

Мазкур мактабни битирган битирувчилар келгусида “ЎзТМК” АЖ қошидаги корхоналарда ўз фаолиятларини олиб боришлари мумкин бўлади.

Маълумот учун, Истанбул техника университети дунёдаги учинчи энг қадимги муҳандислик университетларидан бири ҳисобланади. Университетда 39 та бакалавр, 144 та магистратура дастурлари, 13 та коллеж, 346 та лаборатория ва 12 та илмий марказлар мавжуд.