Ўзбекистонда истироҳат ва ботаника боғларини бегоналаштиришни тақиқлаш режалаштирилмоқда

Депутатлар ташаббуси билан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида маданий ҳордиқ масканларини, уларнинг ерларини ҳамда ушбу ерлардаги бино-иншоотни бегоналаштиришни, маданий ҳордиқ масканлари ҳудудини қисқартириш, уларда бино-иншоот қуриш (енгил турдаги объектлар бундан мустасно) ёки мавжуд бино-иншоотни қурилиш ости майдонини кенгайтиришни таъқиқлаш назарда тутилмоқда.

Бу турдаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Бундан ташқари, қонун лойиҳаси билан “ботаника боғлари” муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар рўйхатига киритиляпти. “Ботаника боғлари” ва уларнинг ерларини ҳам бегоналаштириш, уларнинг ҳудудида бино-иншоотлар қуриш ёки қурилиш ости майдонларини кенгайтириш таъқиқланмоқда.

Мунозаралар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, айни чоғда заруратига алоҳида эътибор қаратиб, лойиҳада назарда тутилаётган айрим нормалар бўйича ўз фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдирди. Қонун лойиҳаси юзасидан кўтарилган айрим саволлар юзасидан ташаббускор депутатлар томонидан батафсил жавоблар қайтарилди.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.