Президент Шавкат Мирзиёев 26 ноябрь куни темир йўл ва авиация соҳасидаги давлат компанияларида трансформация жараёнларининг боришига оид тақдимот билан танишди.
Йиғилишда Ўзбекистон ҳаво йўллари ҳали аҳолини рози қиладиган даражага етмагани қайд этилди.
Халқаро рейтинг олиб, ташқи бозорга чиқиш кечикаяпти. Оқибатда таннарх юқорилиги учун чипта нархида сезиларли ўзгариш йўқ. Харажатларни қисқартириш бўйича чора-тадбирлар ижроси суст.
Шу боис консалтинг компанияси жалб қилиб, трансформация бўйича аниқ дастур ва “йўл харитаси” ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
“Uzbekistan Airports” тизимида асосийси – хизматларни кўпайтириш ва хусусий шерикликни кенгайтириш. Самарқанд аэропорти хусусий бошқарувга берилгач, парвозлар ва йўловчилар сони 5 баробар ошган. Энди Наманган, Андижон, Бухоро ва Урганч аэропортларида ҳам шундай мақсад кўзланган. Йил якунигача аэропортларда қўшимча хизматларни 2 карра кўпайтириш, даромадни 25 фоиз ошириш мўлжалланган.
Халқаро бозордан мустақил ресурс жалб қилиш, Навоий аэропорти терминалидан тўлиқ фойдаланиш чоралари белгиланди.
Давлат раҳбари мазкур учта компанияда рақамлаштиришни жадаллаштириш, режаларни қайта кўриб чиқиб, иқтисодий натижадорликни ошириш бўйича топшириқлар берди.