Ички ишлар вазири Моҳсин Нақви намойишчилар билан музокаралар ўтказмасликни буюрди.
26-ноябрь куни Покистон пойтахти Исломободда собиқ бош вазир Имрон Хоннинг озод этилишини талаб қилган намойишчилар ва хавфсизлик кучлари парламент биноси олдида тўқнаш келишди. Бу ҳақда Urdu Point ахборот нашри хабар бермоқда.
Шаҳар шифохоналарининг маълумотларига кўра, ушбу тўқнашувлар оқибатида камида олти киши ҳалок бўлган ва тахминан 50 киши жароҳат олган. Маҳаллий ҳукуматнинг хабарига кўра, тўрт нафар хавфсизлик ходими ҳам қурбон бўлган. Ички ишлар вазири Моҳсин Нақви намойишчилар билан музокаралар ўтказмасликни буюрди. Тўқнашувлар давомида кўздан ёш оқизувчи газ қўлланилган.
Қамоқда сақланаётган Имрон Хон ўз тарафдорларини талаблари бажарилмагунча кўчаларни тарк этмасликка ундади. Собиқ бош вазир ижтимоий тармоқларда намойишчиларга «ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» ва «тинч намойишларда қатнашиш» ҳақида мурожаат қилди.
Имрон Хоннинг партияси, «Адолат ҳаракати»нинг тарафдорлари, хавфсизлик кучлари билан тўқнашувлардан қўрқмасликларини билдиришмоқда.
Вазиятни назорат қилиш ва стратегик объектларни ҳимоя қилиш учун ҳарбий кучлар президент саройи, Бош вазир идораси, Ички ва Ташқи ишлар вазирликлари ҳамда бошқа муҳим жойлар жойлашган «қизил зона»га жойлаштирилди.
Маълумот учун, Имрон Хон 2018-йилдан 2022-йилгача Покистон бош вазири лавозимида фаолият юритган. Парламентда унга қарши ишончсизлик вотуми қабул қилиниши ортидан у лавозимидан четлаштирилган. Ўшандан буён унга қарши 50 дан ортиқ жиноий иш, жумладан терроризм бўйича айбловлар қўзғатилган.
Собиқ бош вазирга аввалроқ жиноий даромадларни легаллаштиришда айбланиб 3 йил, давлат сирларини ошкор қилганлик учун 10 йил ва коррупция иши бўйича 14 йил қамоқ жазоси тайинланган эди.
У ва унинг рафиқаси барча айбловларни рад этиб, уларни сиёсий мотивларга асосланган деб аташган. Хоннинг партияси ҳам бу айбловларни сохта деб ҳисобламоқда.