“Йўлдош” мавзесидаги ёғоч уйлар ўрнида ҳеч қандай қурилиш бўлмайди — Янгиҳаёт тумани ҳокими

Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги матбуот анжуманида туманнинг келгуси 5 йиллик ривожланиш режаси ҳақида батафсил маълумот берилди. 2024-йил 1-январ ҳолатига кўра, туманда аҳоли сони 184,3 минг нафарга етиши кутилмоқда, иқтисодий фаол аҳоли эса 46,8 минг нафарни ташкил этади.

Туманда ишсизлик даражаси 2021-йилда 7,1% бўлган бўлса, 2024-йилда бу кўрсаткич 4,8% га туширилади. “Дўстлик” саноат зонаси ва бошқа йирик саноат ҳудудлари ҳисобига 10 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Шунингдек, хизмат кўрсатиш соҳасида қўшимча 5 минг иш ўрни очилади.

Туман ҳокими Ҳаёт Иноғомов “Йўлдош” мавзесидаги ёғоч уйларга оид муҳим қарорни ҳам эълон қилди. Унга кўра, ҳудуддаги 409 та уй аҳоли тўлиқ кўчирилгач бузилади. Ушбу 80 гектарлик ҳудуд боғ сифатида сақлаб қолинади ва яшил майдонларга айлантирилади.

Саноат корхоналари 2024-йилда 10,9 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаради, бу 2021-йилга нисбатан 420% кўпдир. Туманда жорий йил январ-октабр ойларида 2,5 трлн сўм инвестициялар жалб қилинган бўлиб, йил охирига қадар бу рақам 3,6 трлн сўмга етказилади. Экспорт ҳажми эса 2024-йилда 200 млн долларга оширилади.

Ижтимоий соҳалар ривожи доирасида мактабгача таълим муассасалари қамрови 2024-йилда 74,6% га етказилади, умумтаълим мактабларидаги ўқувчилар сони эса 27,3 минг нафарга кўпаяди. Тиббиётда 250 қатновли янги поликлиника қурилмоқда.

Туманда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 2021–2024-йилларда 210 минг дарахт экилади. Электр энергияси билан таъминотда 121 км янги тармоқлар тортилиб, модернизация ишлари олиб борилади.