Шавкат Мирзиёев 29 ноябрь куни «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.
Ҳужжатда айтилишича, айни вақтда жамоат ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича вазифаларнинг самарали амалга оширилиши Қуролли Кучларда ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда хизматни ўтаётган шахслар учун белгиланадиган чекловларнинг қонун билан тартибга солинишини тақозо этмоқда.
Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда хизматни ўташ билан боғлиқ чекловлар белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан бир ой ўтгач кучга киради.
Ушбу қонун Ўзбекистон Қуролли Кучлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жанговар шайлигини ва хизмат фаолияти самарадорлигини янада оширишга, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида тарбиявий ишлар натижадорлигини таъминлашга хизмат қилади, дейилади ҳужжатда.
Ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, ўз хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан бирон-бир мукофот, фойда ёки совғалар олишга, қонунчиликда назарда тутилмаган имтиёзлардан, преференциялар ёки афзалликлардан ўз хизмат мавқеи билан боғлиқ ҳолда фойдаланишга доир тақиқлар белгиланмоқда.