Тошкент шаҳрида 2-6 декабрь кунлари Фуқаролик жамияти ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Мазкур тадбир мамлакатда фуқаролик жамияти институтларининг аҳамиятини янада ошириш, уларнинг давлат ва жамият ривожидаги иштирокини мустаҳкамлашга қаратилган.
Тадбир “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан, Олий Мажлис палаталари, Адлия вазирлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилмоқда.
Ҳафталикнинг муҳим тадбирларидан бири Марказий Осиё фуқаролик жамияти халқаро форуми бўлди.
«Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари ислоҳотлар жараёнининг муҳим қисмига айланиб бормоқда. Давлат органлари ислоҳотларнинг самарали бўлиши учун фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорлик қилиш зарурлигини англаб етишди», дея такидлади Форумда иштирок этган “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков.
Элдор Туляков мамлакатда ақл марказларининг тобора аҳамиятли бўлиб бораётганини таъкидлаб, уларнинг қарорлар ва стратегияларни ишлаб чиқишдаги иштирокига эътибор қаратди. Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг парламентга мурожаатида билдирилган муҳим ташаббусларни – Қонунчилик палатаси қошида жамоатчилик кенгашлари тузиш ва Жамоавий ташаббуслар бўйича парламент комиссиясини ташкил этиш таклифларини алоҳида қайд этди.
Фуқаролик жамияти ҳафталиги доирасида бешта давлат ва 40 та халқаро ташкилот вакиллари, шунингдек, маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирокида очиқ муҳокамалар, форумлар, тренинглар, хайрия акциялари ва тақдирлаш маросимлари ўтказилмоқда.
Тадбир доирасида жамоатчилик билан мулоқот қилиш, экологик муаммоларга ечим топиш ва фуқаролар ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган йўналишларда муҳокамалар ўтказилиши фуқаролик жамиятини ривожлантиришда яна бир муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.