Пойтахтдаги икки мактабда вирусли гепатит А касаллиги аниқланди – Санэпидқўмита

Тошкент шаҳар Миробод туманида жойлашган 214 ҳамда 65-сонли умумий ўрта таълим мактабларида вирусли гепатит А касаллиги аниқланган.

Шу сабабли Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси Миробод туман бўлими мутахассислари томонидан мазкур мактабларда эпидемиологик суриштирув ҳамда санитария назорати ўтказилди.

Қайд этилишича, назорат давомида ўқувчилар ва ишчи ходимларнинг ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтганлик хулосалари, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш тартиби ҳамда мактаб биносида, синф хоналарда жорий тозалик ишларининг олиб борилиши, жиҳозларнинг созлиги кабилар текширилган.

«Текширувлар натижасида, мактабнинг санитария ҳолати талабга жавоб бермаслиги маълум бўлганидан сўнг, аниқланган камчиликлар юзасидан мактаб раҳбатига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди», – дейилади Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси хабарида.