Тармоқдан вақтинча узилган истеъмолчи БҲМнинг 2 бараварида — 750 минг сўм тўлов амалга ошириб, вужудга келган қарздорликни тўлаб, ундан сўнг қайта тармоққа уланиши мумкин.
Сўнгги вақтларда ичимлик сувидан қарздорлиги бор хонадонлар тармоқдан узилаётгани акс этган видеолар тарқалмоқда. Фойдаланувчиларнинг аксари буни тўғри деб баҳоласа, баъзилар бунга қарши чиқмоқда.
Ичимлик сувидан ханадонни узиш қанчалик қонуний? Айни вақтда тармоқдан узилиш уй хўжаликларида кўпроқ кузатилмоқда. Бу узди-уздилар кўп қаватли хонадонларда ҳам давом этадими? Мазкур саволларга “Ўзсувтаъминот” жамияти матбуот хизмати раҳбари Акмал Муродов жавоб берди.
Айтилишича, истеъмолчи ва сув таъминоти корхонаси орасидаги шартномага асосан, истеъмолчи ҳар ойнинг 10-санасига қадар тўловларни олдиндан амалга ошириши лозим. Шунингдек, ҳисоблагич кўрсаткичи маълумотини ойида бир маротаба (ҳар ойнинг 20-санасидан кейин) таъминотчи корхонага маълум қилиб бориши керак.
Истеъмолчи фойдаланган ичимлик суви ва кўрсатилган оқова (канализация) сув хизматлари учун тўловларни ўз вақтида амалга оширмаса, сув таъминоти корхонаси томонидан огоҳлантирилади (огоҳлантириш хати берилади).
Истеъмолчини ёзма равишда хабардор қилган пайтдан бошлаб 5 иш куни ўтгандан кейин мавжуд қарздорлик тўланмаган тақдирда, сув таъминоти корхонаси вакиллари истеъмолчини вақтинча тармоқдан узади. (Вазирлар Маҳкамасининг 194-сонли қарори 108-банд асосида).
Тармоқдан вақтинча узилган истеъмолчи БҲМнинг 2 бараварида — 750 минг сўм тўлов амалга ошириб, вужудга келган қарздорликни тўлаб, ундан сўнг қайта тармоққа уланиши мумкин.
Юридик истеъмолчилар эса БҲМнинг 5 бараварида — 1 миллион 875 минг сўм тўлов амалга ошириб, вужудга келган қарздорликни тўлаб, ундан сўнг қайта тармоққа уланиш мумкин.
Қўшимча қилинишича, тўлов вақтида амалга оширилмаса, кўп қаватли хонадонлар ҳам тармоқдан узилади.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 2024 йил 1 декабрдан ичимлик ва оқова сув хизматлари тўловлари фақат электрон шаклда қабул қилинади.