Вазирлар Маҳкамасининг «Уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ва озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларни электрон браслет орқали масофадан туриб назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинди.
Низом:
- электрон браслет тақилиши белгиланган шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
- электрон браслет орқали масофадан туриб назорат қилиш тартибини бузиш учун жавобгарлик;
- электрон браслетга шикаст етказилганда ёки йўқотилганда моддий зарарни ундириш тартиблари билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.
Электрон браслетлар 2025 йил 1 январдан бошлаб босқичма-босқич қўлланилади.
Электрон браслет уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахс оёғига тақилади. Шахс оёғига электрон браслетни тақиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда (суяк синиши, бошқа жароҳатлар билан тиббий муолажа кўрсатилган ва бошқалар) қўл қисмига тақилишига рухсат этилади.
Электрон браслетни қуйидаги шахсларга қўллаш мумкин эмас:
- 18 ёшга тўлмаган шахслар;
- ҳомиладор аёллар;
- 3 ёшга тўлмаган болалари бор аёллар;
- I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
- тиббий кўрсатмага кўра электрон браслетни тақиш тавсия этилмайдиган шахслар (имплант қилинган кардиостимулятор ўрнатилган шахслар, юқумли тери касаллиги (аллерго контакт дерматит, тери замбуруғи ёки қичима касаллиги) бўлган шахслар).
Электрон браслет қўлланиладиган шахслар қуйидагиларни:
- электрон браслетни белгиланган вақт ичида қувватлаб бориши;
- электрон браслетни ўзбошимчалик билан ечмаслиги;
- электрон браслетга зарар етказиш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга оширмаслиги шарт.