Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича тайёргарлик ишлари бошланди

Россия томонидан Ўзбекистон ҳудудида кам қувватли атом электр станциясини қуриш бўйича лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда, бўлажак станция ўрнида эса тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. 

Бу ҳақда Россия Федерацияси ҳукумати раисининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 25 йиғилиши чоғида маълум қилди.

“Россия президентининг май ойида Ўзбекистонга ташрифи чоғида кам қувватли атом электр станциясини қуриш бўйича келишувга эришилган эди. Лойиҳа ҳужжатлари аллақачон ишлаб чиқилмоқда. Бўлажак атом электр станцияси ўрнида ҳам тайёргарлик ишлари бошланди”, — деган у.

Май ойида Тошкентда кам қувватли атом электр станцияларини қуриш бўйича экспорт шартномаси имзоланган эди. У Россия лойиҳаси бўйича Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятида қуввати 330 МВт бўлган атом электр станциясини қуришни назарда тутади.

Станция қурилишининг бош пудратчиси “Росатом” бўлиб, лойиҳани амалга оширишга маҳаллий компанияларни жалб этиш режалаштирилган. Сентябр ойи бошида “Ўзатом” ва “Атомқурилишекспорт” ўртасида бўлажак станция қурилиш майдончасида ишларни бошлаш тўғрисида протокол имзоланган эди.