Марказий банк асосий ставкани 13,5 фоиз миқдорида ўзгаришсиз қолдирди

Марказий банк бошқаруви 2024 йил 12 декабрдаги йиғилишида асосий ставка масаласини кўриб чиқди.

Йиғилишда йиллик 13,5 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Сўнгги икки ойда йиллик инфляция даражаси бироз пасайиб, ноябр ойи якунида 10 фоизни ташкил этди. Инфляциянинг пасайиши, асосан, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлашуви ҳисобига юзага келди.

Иқтисодиётда шаклланаётган юқори истеъмол ва инвестицион фаоллик ялпи талабни қўллаб-қувватлаши ҳисобига хизматлар ва ноозиқ-овқат товарлари нархларида ўсиш хатарлари сақланиб қолмоқда.

Аҳолининг бирламчи эҳтиёжлари доирасидаги айрим харажатларнинг ўзгариши ва об-ҳаво совуши билан энергия нархлари эркинлаштирилишининг иккиламчи таъсирлари юзага чиқиши иқтисодиёт субъектларининг инфляцион кутилмаларида ҳам намоён бўлмоқда. Ноябрь ойида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари мос равишда 13,7 ва 12,7 фоизгача тезлашди, дейилади Марказий банк хабарида.