Байрам сабаб Тошкентнинг 3 та кўчаси айрим қисмлари қарийб бир ойга ёпилди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2024 йилнинг 10 декабридан 2025 йилнинг 15 январигача 3 та кўчанинг айрим қисмлари ёпиқ бўлишини маълум қилди.

Унга кўра, кўрсатилган муддатда:

  • Зарафшон кўчасининг «Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонаси қўриқлаш пункти ва Матбуотчилар кўчалари оралиғидаги қисми;
  • Истиқлол кўчасининг А.Темур ва Буюк Турон кўчалари оралиғидаги қисми;
  • Буюк Турон кўчасининг Истиқлол кўчаси кесишмасидан Ёшлар ижод саройигача бўлган қисмида автотранспорт воситалари ҳаракати чекланади.

Ҳокимликнинг билдиришича, бу Янги йил байрами тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш, шунингдек, байрам тадбирлари вақтида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жамоат тартибини сақлаш мақсадлари билан боғлиқ.

Ҳайдовчилардан муқобил йўллардан фойдаланиш тавсия қилинмоқда.