2025 йилда мактаб дарсликлари ижараси бепул бўлиб қолади

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган 2025 йилдан мактаб дарсликлари ижарага берилиши ҳақидаги маълумотларга расмий муносабат билдирди.

Вазирликнинг таъкидлашича, 2025–2026 ўқув йилидан 2–11-синф ўқувчилари учун дарслик ва машқ дафтарлари ижара тўлови асосида берилишини кўзда тутувчи таклифлар аввалги фискал стратегия лойиҳасида муҳокама қилинган эди. Аммо бу таклиф амалга оширилмайди.

2024 йилда Давлат бюджети ҳисобидан мактаб ўқувчилари учун 83,2 миллион нусха дарслик ва машқ дафтарлари чоп этиш учун 1,5 трлн сўм ажратилган бўлиб, унинг 36 фоизи машқ дафтарларини қайта нашр қилишга сарфланган.

2025 йилда эса 81 миллион нусха дарслик ва машқ дафтарлари учун 1,3 трлн сўм маблағ Давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Бу жараёнда ота-оналардан ҳеч қандай ижара тўлови ундирилиши режалаштирилмаган.

Демак, 2025 йилда ҳам мактаб ўқувчилари учун дарсликлар ва машқ дафтарлари бепул тақдим этилади.