2024 йил 13-14 декабрь кунлари Истанбул шаҳрида Туркия президенти ҳузуридаги Коммуникация бошқармаси томонидан тўртинчи Халқаро стратегик коммуникация форуми (Stratcom Summit24) ўтказилди. Форумда 30 давлатдан 3 мингдан ортиқ мутахассис ва меҳмонлар иштирок этиб, сунъий интеллект ва коммуникация соҳасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған тадбирнинг очилиш маросимида нутқ сўзлаб, сунъий интеллект технологиялари олиб келаётган имкониятлар ва хавфларга алоҳида эътибор қаратди. Форумда сунъий интеллект орқали дезинформацияга қарши кураш, рақамли ахлоқ, оммавий коммуникациядаги янги тенденциялар ва киберхавфсизлик мавзулари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон делегацияси таркибида иштирок этган “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков саммитнинг “Дезинформацияга қарши курашда сунъий интеллект: давлат ташкилотлари учун стратегик воситалар” панель сессияга модераторлик қилди. Сессияда дунё мамлакатларидан экспертлар сунъий интеллект ёрдамида ёлғон ахборотларга қарши курашиш бўйича тажрибалар билан ўртоқлашишди.
Таъкидланганидек, медиа саводхонликни ошириш, қонунчиликни такомиллаштириш ва замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш бу соҳада муҳим аҳамиятга эга. Форум глобал муаммоларни ҳал этишда ҳамкорлик зарурлигини яна бир бор кўрсатди.
Stratcom Summit24 халқаро стратегик мулоқот ва коммуникация соҳасидаги долзарб тенденцияларни муҳокама қилиш учун муҳим платформага айланди.