Маҳбусларнинг ўз яқинлари билан видеоучрашувини ташкил қилиш белгиланмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фраксияларининг йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда дастлаб сўнгги кунларда мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеликларга тўхталиб ўтилди ҳамда фраксиялар олдидаги вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, йиғилишларда бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинди.


Жумладан, “Миллий тикланиш” демократик партияси фраксиясининг йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Унда меҳнат жараёнидаги тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, бундан жабрланган шахсларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш масалалари кўзда тутилган.


Лойиҳада шунингдек, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланиб, ҳимоя ордеридан фойдаланган ходимга йил давомида 10 календарь кундан иборат ҳақ тўланадиган таътил бериш кўзда тутилмоқда. Яна бир муҳим янгилик: фарзанд туғилганда эркакларга ҳам 5 кунлик ҳақ тўланадиган таътил бериш таклиф этилмоқда.


Халқ демократик партияси фраксиясининг йиғилишида Жиноят ижроия кодексига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар кенг муҳокама қилинди.


— Ушбу лойиҳада жазони ижро этиш муассасаларидаги маҳбусларнинг ўз яқинлари, оила аъзолари билан видеоучрашувларини ташкил қилиш масаласи кўзда тутилмоқда, — дейди ХДП фраксияси аъзоси Сайёра Имомова.

— Маҳбуслар видеоучрашувлар давомида оиласини, фарзандларини кўриб, гаплашиши уларда инсонларга, анъаналарга нисбатан ижобий ўзгаришларни пайдо қилиши мумкин. Шунингдек, видеоучрашув харажати маҳбуснинг жазони адо этиш давомида ўзи ишлаб топган ойлик маошидан қопланиши унинг оиласи бюджетига таъсир кўрсатмаслигига хизмат қилади.


Йиғилишларда кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан таклифлар билдирилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.