Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев 17-декабрь куни ўтказилган матбуот анжуманида президентлик сайловларида қатнашмаслигини маълум қилди. У амалдагӣ президентнинг яна бир муддатга сайланиш ҳуқуқи борлигини таъкидлади.
“Мен икки йилдан кейин бўладиган сайловларда қатнашмайман ва Садир Жапаровни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Яна кимни қўллашимиз мумкин? Бекназаровними ёки Равшан Жээнбековними? Ёки балки Атамбаевни яна президент қилиб тайинлашимиз керакми? Биз буларнинг барчасидан ўтганмиз,” — деди Ташиев. У амалдагӣ президент яхши ишлаётганини ва уни қўллаб-қувватлаш зарурлигини урғулади.
Конституцияга кўра, давлат раҳбари беш йиллик икки муддатга сайланиш ҳуқуқига эга.
Садир Жапаров 2021 йил 10-январда давлат раҳбари этиб сайланган ва 28-январ куни расман лавозимига киришган. Ўшанда ҳали асосий қонуннинг эски таҳрири амал қилиб, давлат раҳбарига олти йил муддат билан президентлик қилиш имконини берган эди.
2024 йил январ ойида Жапаров навбатдаги муддатга президентликка номзодини қўйишни режалаштираётгани маълум бўлди. Қирғизистонда навбатдаги президентлик сайловлари 2026 йилда бўлиб ўтади.