Тошкент вилоятидаги ҳайвонот боғида шерлар қафасдан чиқиб кетиб, қоровулни ўлдирди

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг хабар қилишича, бугун 17 декабрь куни тахминан тонгги 05:00 ларда Тошкент вилояти Паркент туманида жойлашган Lion Park хусусий ҳайвонот боғида бир қафасда сақланаётган 3 та шер ҳайвони қафасдан ҳайвонот боғи ҳовлисига чиқиб кетган.

Шу пайт уларни катакка қайтармоқчи бўлган 1980 йилда туғилган парк қоровулига шерлар ҳужум қилишган ва уни ўлдириб, емиш сифатида тана аъзоларини истеъмол қилишган.

Мазкур ҳолат ҳайвонот боғи ходимлилари томонидан соат 09:00 ларда аниқланиб, 2 та шер ухлатувчи дори воситалар қўлланилган ҳолда катакка қайтарилган, 1 та шер маҳаллий овчи таклиф қилинган ҳолда отиб ўлдирилган.

Воқеа жойига, шу куни соат 10:00 да туман ИИБ навбатчилик қисмига МЧЖ маъмурияти томонидан берилган хабар асосида туман ИИБ навбатчилик гуруҳи, туман прокурори, туман прокуратураси терговчиси, вилоят экология бошқармаси ходимлари ва ИИБ махсус қуролланган жанговар гуруҳи чиқилиб, воқеа жойи ва Ф. Ирисқуловнинг жасади қолдиқлари кўздан кечирилган ҳамда СТЭ ва ДНК экспертизалари тайинланган.

Шунингдек паркда мавжуд бўлган барча йиртқич ҳайвонлар саноқдан ўтказилиб, улар жой-жойида эканлиги ва катаклар маҳкамланган ҳолдалиги аниқланган.

Ҳозирда Паркент туман прокуратураси тергов-тезкор гуруҳи ва экология вазирлиги ҳамда “Тошкент ҳайвонот боғи” ДМ мутахассислари томонидан зарур текширув ва суриштирув тадбирлари ўтказилмоқда.