Фарғонада танишини пичоқлаб ўлдирган шахсга суд ҳукми ўқилди

Маълум қилинишича, марҳум қўшнисининг уйида икки маҳалладоши билан кечки соат 20:30 атрофида спиртли ичимлик истеъмол қилган. Оқибатда қайсидир сабаб билан танишига қўнғироқ қилади.

Шу вақтда қотилликда айбланаётган шахс ҳам бошқа манзилда танишлари билан спиртли ичимлик истеъмол қилаётган бўлган. Жабрланувчининг қўнғироғига ўша вақтда судланувчининг ёнида бўлган аёл жавоб беради. Телефондаги ўзаро суҳбат жанжалга айланиб, икки томон бир-бирини ҳақорат қилади.

Шундан сўнг, судланувчи жабрланувчининг ҳақоратларига жавобан унинг уйига боради. Жаҳлини жиловлай олмаган судланувчи ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи ёрдамида жабрланувчининг кўкрак, қорин, бўйин соҳаларига ва танасининг дуч келган жойларига оғир шикастлар етказади.

Судланувчи эса воқеа жойидан кетиб қолади. Оқибатда жабрланувчи олган тан жароҳатлари сабаб воқеа жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан суд иши ЖИБ Фарғона шаҳар судида кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати раҳбари Азиз Абидов хабар қилди.

Суд ҳукмига кўра, судланувчи ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми «в», «ж» бандлари билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.